Canon компанияси ривожланаётган бозорларда ихчам рақамли камералар ва лазер принтерларга талабнинг сустлиги сабабли даромади 39 фоизга тушиб кетганини маълум қилди. Япон ишлаб чиқарувчиси чорак натижалари паст бўлгани сабабли жорий йилга даромадлар бўйича прогнозини пасайтирди.

Canon’нинг 2016 йилнинг январь-март ойлари давомидаги операцион даромади 40,1 млрд иенни (361,4 млн доллар) ташкил қилди, бу эса бир йил аввалги кўрсаткичдан 39 фоиз камроқни ташкил қилди. Thomson Reuters таҳлилчилари компаниянинг даромади 67,74 млрд иен атрофида бўлишини тахмин қилишганди.

Canon’нинг 2016 йилнинг 1-чорагидаги соф даромади ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 17,5 фоиз камроқ бўлиб, 28 млрд иенни (253 млн доллар) ташкил қилган. Тушум эса 7 фоизга камайиб, 797,2 млрд иенни (7,1 млрд доллар) ташкил қилган.

Canon’нинг бундай паст кўрсаткичлари асосан фотоаппаратлар савдоси қисқаргани билан боғланган. Фотоаппаратлар учун жавоб берувчи бўлинма 1-чоракда 19,1 млрд иен (176,6 млн доллар) операцион даромад олган, бу эса бир йил аввалги кўрсаткичдан 33 фоиз камроқни ташкил қилган. Тушум эса 10,6 фоизга камайиб, 234,8 млрд иенни (2,1 млрд доллар) ташкил қилган.

Canon жорий йил натижаларига кўра соф даромад ва тушумни мос равишда 200 млрд иен (1,8 млрд доллар) ва 3,6 трлн иен (32,5 млрд доллар) атрофида прогноз қилмоқда. Аввалроқ компания бу кўрсаткичларни мос равишда 260 млрд ва 3,85 трлн иен атрофида баҳолаганди. Компания прогнозини қайта кўриб чиқишини Хитой ва ривожланган давлатлар иқтисодиётининг секинлашиши ҳамда иена курсининг ошиши билан тушунтирган.