АҚШ президенти лавозимига номзод миллиардер Дональд Трамп АҚШ президенти Барак Обаманинг ташқи сиёсати "фалокатли характерга" эгалигини айтди.

"На узоқни кўра билиш, на мақсад, на йўналиш ва на стратегия. Агар президент Обаманинг мақсади Американи заифлаштириш бўлган бўлса, унда у бу ишни ҳозиргидан яхшироқ қила олмаган бўларди", деб айтди Трамп.

Трампнинг фикрича, АҚШ ҳукумати Эроннинг сезиларли кучайишида, Шимолий Кореянинг тўлиқ назорат остидан чиқишида, Хитойнинг киберҳужумларига қарши тура олмасликда ва 2011 йилда Мисрдаги сиёсий инқирозда айбдор. Трамп, шунингдек, АҚШ Ироқ, Сурия ва Ливияга нисбатан сиёсатида ҳам бир қатор хатоларга йўл қўйганини таъкидлаб ўтди. Миллиардернинг фикрича, Вашингтоннинг ҳаракатлари Яқин Шарқдаги алғов-далғовларга олиб келган.

Шу муносабат билан миллиардер АҚШ мудофааси зиммасига тушадиган бир қисм харажатларни унинг иттифоқдошлари зиммасига юклашни таклиф қилди. Бундан ташқари, Трамп АҚШнинг ҳарбий ва иқтисодий қудратининг оширилиши зарурлигини айтди ҳамда Россия ва Хитойнинг жаҳон аренасида кучайиб бораётганини таъкидлаб ўтди.

Трамп, Россия ва АҚШ муносабатлари ҳақида тўхталиб, бу икки давлатни келажакда тинчлик-тотувликда кўриш истагини билдирди.