Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг баёнот беришича, мамлакат фуқаролари учун ЕИга визасиз кириш тартибининг кучга кириши, Иттифоқнинг Туркияга миннат қилиши учун асос бўла олмайди. Маълумки, 2016 йил июнь ойидан эътиборан Туркия паспортига эга фуқаролар ЕИга визасиз кира олишади. Президент Эрдўған Хорватияга сафари чоғида шундай баёнот берган.

«Ҳеч ким Туркияга бирон нарсани ўтказиб қўяётганини иддао этолмайди. Визасиз тартиб муддати мен бош вазирлик вақтимда белгилаб олинган эди. Шундай экан, ушбу муддатнинг 4 ойга сурилганини қандай қилиб ён босиш, дейиш мумкин», — деб баёнот берган Эрдўған.

Туркия етакчиси, шунингдек, ЕИнинг қочоқларга оид аниқ лойиҳаларни тақдим этиш талабини танқид қилган.

Европа комиссиясининг миграция департаменти директори Марта Сиган расмий Анқара визасиз тартиб бўйича келишувнинг аксар шартларини бажармагани тўғрисида баёнот берган эди.

ЕИ ва Туркия ўртасидаги келишувга кўра, Европа Туркия орқали Грецияга кириб келган барча ноқонуний муҳожирларни, туркларга визасиз тартибни жорий қилиш ва 3 млрд евро бериш эвазига қайтариб юборади.