2016 йил 27 апрель куни Жаҳон банки ижрочи директорлари кенгаши "Ўзбекистонда олий таълим тизимини модернизация қилиш" лойиҳасини амалга ошириш учун 42,2 млн. доллар миқдорида кредит ажратиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Банк матбуот хизмати маълумотларига кўра, ушбу кредит Халқаро Тараққиёт Ассоциацияси (ХТА) ҳисобидан молиялаштирилади, деб ёзади uzdaily.uz.

Лойиҳа 2016-2023 йилларда ҳаётга татбиқ этилади. Унинг ижросини Ўзбекистон Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги назорат қилади.

Мазкур лойиҳа олий таълим тизимида бошқарув салоҳиятини кучайтириб, меҳнат бозори талабларидан келиб чиқиб, баъзи олий таълим муассасаларида таълим бериш муҳитини мукаммаллаштиришга ёрдам беради.

"Лойиҳа Жаҳон банкининг икки асосий мақсади: ўта қашшоқликка барҳам бериш ва барчанинг баробар ривожланишини таъминлашга ёрдам беради", – деган Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Жунгхун Чо.

Лойиҳа доирасида, шунингдек, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги қошида Академик инновацияларни қўллаб қувватлаш жамғармаси ташкил этилади. У, олий таълим соҳасида инновацион лойиҳаларни молиявий томондан қўллаб-қувватлайди.