Канада ҳукумати кучли ер силкинишидан катта зиён кўрган Эквадор ҳукуматига ёрдам тариқасида 2 миллион Канада доллари (тахминан 1,6 миллион доллар) ажратди. Бу ҳақда давлат ташқи ишлар вазири Стефан Дион берган маълумотга таяниб ТАСС хабар берди.

Белгиланган ёрдам пуллари Эквадорга турли халқаро жамғармалар, жумладан, БМТ жамғармаси орқали юборилди. Қолаверса, 24 апрель куни Лотин Америкаси давлатида Канаданинг “Қизил хоч” дала касалхонаси ташкил этилди. Зилзила содир бўлганидан кейиноқ Эквадорга Канаданинг фалокат кўламини баҳолаш гуруҳи юборилган, улар ҳозиргача мамлакатдаги вазиятни ўрганишда давом этмоқда.

7,8 магнитудали зилзила 16 апрель куни Манаби провинциясининг Педерналес шаҳрида содир бўлган. Сўнгги маълумотларга кўра, табиий офати натижасида 655 нафар одам нобуд бўлган, 48 киши бедарак йўқолган, 17 минг нафардан ортиқ киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган.