Махсус репортаж: Япониядаги зилзилага гувоҳ бўлган ўзбекистонлик талаба билан суҳбат

Жамият 28 Апрель 2016 2141

14 апрелда Кюсю оролидаги Кумамото ва Оита префектураларида 6,5 магнитудали кучли зилзила рўй берди, икки кундан сўнг янада кучли 7,3 магнитудали ер силкиниши содир бўлди. Бугунги кунга қадар Кюсю оролида умумий ҳисобда 880дан ортиқ ерости силкинишлари қайд этилди. Бунинг натижасида 48 киши ҳалок бўлди, 2 киши изсиз йўқолди.

Бугунги суҳбатдошимиз Барно Вафаева ҳам Япониядаги зилзила қуршовида қолиб, табиий офатларга ўз кўзи билан гувоҳ бўлди. Барно икки йилдан бери Япониядаги олийгоҳларнинг бирида таҳсил олади. У Японияда содир бўлган кучли ер қимирлашлари вақтида хавфли ҳудудда бўлган. Бугун биз Барно билан суҳбат қуриб, унинг зилзила вақтида японлар қандай йўл тутиши, уларнинг табиий офатлар чоғидаги ўзини тутиш маданияти тўғрисида фикрлари билан танишдик.

Барно, Япониядаги таҳсилингиз ҳақида маълумот берсангиз?

– Мен 2014 йилда Япониянинг АPU (Asia Pacific University) университетига грант асосида ўқишга қабул қилиндим. Ҳозирда Халқаро муносабатлар факультетининг 2-босқич талабасиман. Келажакда Ўзбекистоннинг бошқа давлатлар билан алоқаларини яхшилашга ва улар ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришга ўз ҳиссамни қўшиш ниятидаман. Ёшлигимдан хорижий университетда бошқа юрт вакиллари билан бирга таҳсил олиш ниятида бўлганман. APU университетида 80дан ортиқ миллат вакилларининг бир жойга жамланиши танлаган соҳамни янада кенгроқ ўрганишимда катта ёрдам беришига ишонаман.

Дарслардан бўш вақтингизда нималар билан шуғулланасиз?

– Ҳозирда ўз мутахасислигимга доир дарслардан ташқари, япон тилини ҳам ўрганяпман. Япон тилини янада мукаммал ўрганиш учун, японлар билан иложи борича кўпроқ мулоқотда бўлишга ҳаракат қиляпман.

Яқинда Япониянинг турли ҳудудларида кучли зилзилалар қайд этилди? Ўша вақтда кўнглингиздан нималар ўтди? Қўрқмадингизми?

– Японияга келишимдан аввал, мамлакатда кўп ер қимирлаши ҳақида эшитиб, озгина хавотирга тушган эдим. Лекин бу ерга ташриф буюргач, бир ярим йил ичида ҳеч қандай зилзила кузатилмаган эди. Кюсю ороли Япониянинг энг кам зилзила содир бўлувчи орол ҳисобланганлиги сабабли, яқинда бўлган кучли ер қимирлашлари нафақат чет эллик талабаларни, балки японларни ҳам қаттиқ ҳайратга солди. Ўша куни ҳеч қачон ёддан чиқмайди. Тунги соат 1:25 да рўй берган қаттиқ ер силкинишидан мендан ҳам кўпроқ хонадош дугонам жуда қўрқиб кетди. Бу вазиятда ўзимни қўлга олиб, уни тинчлантиришга ҳаракат қилдим. Ер қимирлаши тўхтаган бўлса ҳам, уйимиздаги барча буюмлар ерга тушиб, чил-чил сингани бизни янада ваҳимага солди. Биз биргаликда ташқарига чиқдик. Атрофимизда яшовчи барча қўшнилар ҳам кўчада экан. Шу пайт яна 3-4 марта қаттиқ зилзила содир бўлди. Шундан сўнг, дарҳол уйга кириб, ҳужжатлар ва энг зарур буюмларимизни олиб эвакуация ҳудудига йўл олдик.

Япониядаги барча мактаб ва боғчаларда махсус эвакуация учун қурилган спорт заллари бор экан. Биз уйимизга яқин бўлган боғчага бордик. У ерда бизга ичимлик суви ва ухлаш учун кўрпа-тўшаклар келтириб беришди. Ер қимирлаши яна 15-20 дақиқа давом этгани сабабли тунни шу ерда ўтказдик.

Японларнинг табиий офат, зилзила вақтида ўзини қандай тутишади?

– Зилзила вақтида шуни билдимки, японияликлар доимо табиий офатларга тайёр туришар экан. Нафақат ёши катталар, ҳаттоки, кичик ёшдаги болалар ҳам зилзила рўй берганда қандай чоралар кўриш кераклигини билишади. Чунки, Японияда болалар боғча ёшиданоқ табиий офатлар вақтида қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида махсус дарслардан сабоқ олишади.

Японлар бу каби вазиятлдарда бир-бирини қандай химоя қилишади? Қутқарувчилар қанча муддатда етиб келишди?

– Японияга келганимда мени ҳайратлантирган нарса - бу японларнинг инсон хавфсизлиги учун қанчалик жон куйдириши ва масъулиятга жиддий қараши. Ер қимирлаган вақтида ҳам қўрқувга тушмай, ишлашда давом этаётган дўкон ходимларини кўриб, қойил қолдим. Японлар учун хавфсизлик жуда муҳим бўлгани сабабли, қутқарувчилар билан бирга оддий аҳоли ҳам эвакуацион зоналар ҳақида зудлик билан хабар тарқатиб, саросимада қолган инсонларни тезроқ қутқаришга ҳаракат қилишди.

Зилзила ўқиш жараёнига қандай таъсир кўрсатди?

– Университет дарслари бекор қилиниб, барча эвакуацон ҳудудларда талабалар ва шаҳар аҳолиси егулик ҳамда ухлаш жойи билан таъминланди. Бир неча кун давом этган зилзила оқибатида кўплаб талабалар Япониянинг бошқа шаҳарларига кетишди.

Зилзила давомида нафақат университет ходимлари, балки шаҳар аҳолиси ҳам талабалар учун қайғуриб, уларга қўлдан келганча, ёрдам беришга ҳаракат қилишди. Бундай оғир вазиятда Япониядаги Ўзбекистон элчихонаси вакиллари ҳам талабалар билан алоқага чиқиб, ёрдамга тайёр эканликларини билдиришди.

Феруза Авазова суҳбатлашди.

Кун янгиликлари
«Qorako'l Ziyo-Nur» ўқув маркази ўқувчиларининг 92,6 % талабалар сафига қабул қилинди
08:17 14166 Lifestyle
KUN.UZ Тошкент вилоятига ташриф буюради. Савол ва таклифлар қабул қилинмоқда
00:08 / 20.08.2017 11458 Ўзбекистон
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 46935 Жамият
Kun.uz Сирдарё ҳокими билан учрашади. Аҳолидан саволлар қабул қилинади
18:40 / 16.08.2017 8294 Ўзбекистон
«GM Uzbekistan»нинг Асакадаги заводи ўз ишини вақтинчалик тўхтатади
Хайрулла Нуриддинов 3 кун ўтиб яна МТРК раиси ўринбосарлигига қайтди
Умумхалқ ҳашари доирасидаги хайрия тадбирларига 5,3 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди
16:45 200 Жамият
Макка шаҳридаги меҳмонхоналардан бирида ёнғин чиқди
16:40 1103 Жаҳон
Машҳур раҳбар бўлиш учун нималарга эътибор бериш ҳақида: 5 машҳур афсонага раддия
16:35 1339 Lifestyle
Эгаси бўлмаган хонадонни 11,5 минг долларга сотиб юборган шахс ва унинг ҳамтовоқлари ушланди
16:25 1289 Жамият
Кўпроқ янгиликлар