Норвегиянинг Кристиансанн ҳайвонот боғи ходимлари йўлбарсларнинг озиқасини табиийроқ кўринишга келтиришга қарор қилишди. Йиртқичларга зебрани "татиб кўриш" таклиф қилинди. Зебра ҳайвонот боғига ташриф буюрган болалар кўз ўнгида бошидан жудо қилиниб, йўлбарслар қафасига ташланди. 

Бу ҳолатдан чўчиб кетган ота-оналар ўз болаларини "ваҳший томошадан" узоқроқ олиб кетишга тушишди. "Табиий нонушта" фотосуратлари интернетда пайдо бўлганда, ҳайвонот боғи номига танқидлар шиддат билан ёғила бошлади.

Бу орада ҳайвонот боғи ходимлари бу жараёнда болаларга шикаст етказувчи ҳеч қандай ҳолат йўқлигига ишонч билдиришмоқда.

"Ўйлайманки, кўплаб одамлар йўлбарслар гўшт ейишини биладилар. Буни беркитишдан маъно йўқ деб ҳисоблайман. Йиртқичларга бундай нимталанган гўшт берилганда, улар уни тишлари ва тирноқлари билан нимталашларига тўғри келади. Яъни ўзларини ёввойи табиатда тутгандек тутадилар", деб ҳайвонот боғи бош ветеринари Рольф-Арне Ольбергнинг сўзини келтириб ўтди Daily Mail нашри.

Шу билан бирга ҳайвонот боғи маъмурияти зебра соғлом бўлганини тан олди. Уни сўйишга эса ҳайвонот боғида зебралар жуда кўпайиб кетгани сабаб бўлган.

Аввалроқ Копенгаген ҳайвонот боғида ташриф буюрувчилар кўз ўнгида жирафа ўлдирилиб, нимталанган эди.