Новосибирскда 1998 йилдан 2006 йилгача амалга оширилган 17 қизнинг қотилликларида айбланаётган 51 ёшли эркак қўлга олинди. Бу ҳақда Россия тергов қўмитасининг вилоят бўйича тергов бошқармаси хабарида айтилмоқда.

Терговнинг таъкидлашича, қўлга олинган эркак қизларнинг "интим хизматларидан фойдаланган", сўнгра уларни ўлдириб, бўлаклаб, тана қисмларини Новосибирск ва вилоятнинг турли ҳудудларида қолдириб кетган.

Жиноятлар замонавий техникани қўллаган ҳолда катта кўламдаги криминалистик экспертизалар туфайли фош этилди. 3 мингга яқин гувоҳ сўроқ қилинган, 300 дан ортиқ молекуляр-генетик тадқиқот ўтказилган. Натижада мутахассислар тахмин қилинаётган қотилнинг генотипини олишга муваффақ бўлишган.

"5 минг кишининг генотиплари билан таққослаш вақтида айбланувчининг намунаси кўп эпизодли жиноий иш бўйича ашёвий далилларда топилган генотип билан мос тушган", дейилмоқда хабарда.

Жиноятчи яшаган ва бўлган жойларда 10 дан кўпроқ тинтув ўтказилган. Айбланувчи ҳибсга олинди. Унга қарши Россия жиноят кодексининг "Икки ва ундан кўпроқ шахсни ўлдириш" моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилди.