Тошкент шаҳрида жойлашган кафелардан бирида кўнгилхушлик қилган Ғулом (исм-шарифи ўзгартирилган) у ердан чиқиб уйи томон йўл олди. У йўлда кета туриб, бир уйга кўзи тушди, деразаси очиқ. Хонадаги тумбочка устида “iPhone-5s” русумли уяли алоқа телефонини қувватлантиргичдан суғуриб олди ва тумбочканинг тортмасини очди. У ерда АҚШ долларлари ва пулларни олди. Секингина яна дераза орқали чиқиб, уйига — Қибрай тумани томон жуфтакни ростлади. Бу ҳақда “Огоҳ” нашри ёзмоқда.

Ўғирлаб олган “iPhone-5s” телефонини бир кишига 400 000 сўмга сотиб юборди.

Ноябрь ойининг бошлари эди. Туманнинг Улуғбек шаҳарчасига келиб, хонадонларнинг бирига яширинча кириб, “Lenovo” русумли ноутбук, бир дона «Nokia», икки дона “Samsung” русумли уяли алоқа телефонлари, бир дона аёллар тилла узуги, тилла занжир, кумушдан ясалган аёллар узуги ва 30 000 сўм пулларни олиб чиқиб кетади.

Орадан икки уч-кун ўтиб, тахминан тунги соат иккиларда таниши – ўзи тенги Фахриддин билан тумандаги хонадонларнинг биридан “iPhone-5s” русумли уяли алоқа телефони, “Samsung” русумли планшет, эркаклар тилла соати, тилладан ясалган эркаклар ва аёллар никоҳ узуклари, “НТС” русумли уяли алоқа телефони, 200 000 сўм пул, 100 АҚШ доллари ва 100 евро миқдоридаги пулларни олиб, “қуённинг расмини чизишади”.

Охирги “ов”дан уч кун ўтиб, Ғулом шериги Фахриддин ва яна бир ҳамтовоқлари – Эргаш исмли бола билан Мирзо Улуғбек тумани Улуғбек шаҳарчасига келишади.

У ердан “Nokia N97”, “Samsung La'Fleur” ва “Samsung Slider” русумли уяли алоқа телефонлари, “HP” русумли ноутбук ҳамда аёллар сумкаси ичида бўлган 360 000 сўм пулларни олиб чиқди. Тергов давомида ушбу шахслар барча қилмишларини тан олди. Улар қонун ҳукмига топширилди. Зеро, қонун қинғирликни кечирмайди.