Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, хонанда Севара Назархон иккинчи фарзандини дунёга келтирди. Бу ҳақда унинг Facebook’даги саҳифасига жойлаштирган фотосуратларда маълум қилинди.

Аввалига Севара Назархон ҳеч бир изоҳсиз, қора либосдаги суратини Facebook’да эълон қилган бўлиб, унда хонанданинг ҳомиладор эканини билиш мумкин.

Шундан 1 соат ўтганидан кейин эса саҳифада яна бир сурат жойлаштирилган.

Бу суратда чақалоқнинг оёқ излари туширилган. Сурат остида фикрлар билдирган мухлислар хонандани яна бир бор она бўлганлик билан табриклай бошлашган ва чақалоққа соғлиқ ҳамда узоқ умр тилаб, ўнлаб фикрлар қолдирилган.

Кўп ўтмасдан чақалоққа қўйилган исм ҳам маълум бўлди. Шунингдек, туғруқ пайтида хонанда Папуа — Янги Гвинеяда бўлганини билиш мумкин.

"Бу қиз бола, исми Иман Анвар!" (It's a girl - Iman Anwar!), деб ёзилади саҳифада.

Севара Назархон 2007 йилда Баҳром Пиримқулов билан турмуш қурган. У ўзининг умр йўлдоши ким ва қандай касбдалиги ҳақидаги саволларга аниқ жавоб қайтармайди. У бир сафар турмуш ўртоғини ошпаз сифатида, бошқа сафар ҳайдовчи ёки дизайнер дея таништиради.

Ушбу жуфтлик айни вақтда Ўзбекистонда яшайди. Уларнинг Денгиз исмли бир фарзанди бор.