28 апрель куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг анжуманлар залида "Талабаларнинг VII анъанавий медиа-конференцияси" бўлиб ўтди.

Унда интернет журналистика бўйича мутахассислар, нуфузли интернет порталлари ва сайтлари раҳбарлари, ОАВ вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этишди.

Тадбирда ахборот соҳасига доир миллий қонунчиликни такомиллаштириш, соҳага ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, интернет журналистикаси учун кадрлар салоҳиятини ошириш, онлайн-журналистикани ривожлантириш масалаларига бағишланган маърузалар тингланди.

Бугун интернет анъанавий ахборот воситалари – босма матбуот, радио ва телевидениенинг устувор жиҳатларини ўзида жамлаган янги ва улкан ахборот ресурсидир. Интернет-нашр воқеа тўғрисидаги ахборотни янгилаш борасида чекланмаган имкониятга, матн учун кенг майдонга эга. Шу билан бирга, овоз, графика ва видеомаълумотни ҳам бир зумда узата олади. Онлайн- журналистиканинг яна бир қулайлиги унда “икки томонлама алоқа” имконияти борлигидир. Ҳар бир фойдаланувчи интернетда чоп этилган материалга ўзининг муносабатини билдириши, фикрини қолдириши мумкин.

Ҳар йили Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети, журналистика факультети доценти Шерзодхон Тожиддинович Қудратхўжаев ташаббуси билан ташкил этиб келинаётган медиа-конференцияда бу сафар ЎзМУ журналистика факультети талабаларидан ташқари мамлакатимизнинг бошқа ўқув юртларидан, хусусан, Ўзбекистон жаҳон тиллари университети халқаро журналистка факультети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Сингапур менежмент ва ривожлантириш институти ҳамда ЖИДУ талабалари ҳам қатнашди.

Бу сафарги медиаконференция учун танланган мавзу – краудфандинг ва краудсорсинг бўлди.

Медиа-конференция ёш модераторлар томонидан олиб борилди. Спикерлар "Краудфандинг ва краудсорсинг нима?", "ОАВда краудсорсинг имкониятларидан фойдаланиш" ва "Краудфандинг" мавзуларида тақдимотлар қилишди.

Тадбирнинг иккинчи қисмда эса ёш талабалар ва интернет журналистика соҳасида тажрибага эга мутахассислар ўртасида мавзулар бўйича мунозаралар кечди.

Тадбир сўнгида иштирокчилар “Энг яхши ғоя”, “Энг яхши спикер”, “Энг яхши тақдимот”, “Энг яхши модератор”, “Энг яхши савол”, “Энг яхши ҳамкор” каби ўндан ортиқ номинацияларда эсдалик совғалари ва сертификатлар билан тақдирланди.

Конференция талабаларнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси бўйича тажрибали мутахассислар билан ўзаро фикр алмашиши, замонавий журналистика ва медиа тизимининг муаммолари юзасидан ўз нуқтаи назарини билдириши учун қулай имконият яратди.