2015 йил якуни бўйича умумий жиноятлар сони 1,6 фоизга, вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар 8,4 фоизга, майдон ҳамда маданият ва истироҳат боғларида содир этиладиган жиноятлар сони эса 1,9 фоизга камайган. Шунга қарамасдан, ҳамон кўча-куйда хотин-қизларнинг тақинчоқларини ечиб олиб қочиш ҳолатлари оз бўлса-да, учраб турганлиги дилни хуфтон қилади. Бу ҳақда “Постда” нашри ёзмоқда.

Тошкентнинг Учтепа туманида номаълум шахслар кўчада кетаётган 62 ёшли онахоннинг бўйнидан сариқ металлдан ясалган занжирни юлиб, олиб қочишган. Ички ишлар органлари ходимлари томонидан кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида ушбу талончилик жиноятини Тошкент шаҳридаги Олмазор туманида яшовчи 1976 йилда туғилган И. ва 1990 йилда туғилган Ф. исмли шахслар содир этганлиги аниқланиб, улар қўлга олинди.

2016 йилнинг 19 январь куни соат 23:00 ларда Наманган вилояти Чуст туманидаги автотураргоҳда номаълум шахс “Нексия” русумли автомашинасида худди шу русумдаги автотранспорт воситасини йўлини тўсиб, машинада йўловчи сифатида кетаётган 1980 йилда туғилган Камола (исмлар ўзгартирилган)ни куч ишлатиш йўли билан қўрқитиб, унинг уяли телефон аппарати ва бўйнидаги сариқ металлдан ясалган занжирини юлиб олиб, қочиб кетган. Олиб борилган тезкор-қидирув чора-тадбирлари натижасида ушбу талончилик жиноятини Чуст туманида яшовчи 1993 йилда туғилган Ш.исмли йигит содир этгани аниқланди.

Кимдир Бухоро шаҳридаги 12-мактабнинг 1-синф ўқувчиси Гулчиройни алдаб, қулоғидаги сирғасини ечиб олиб, воқеа жойидан яширинади. Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ушбу жиноятни Бухоро туман Лоша қишлоғида яшовчи, ҳеч қаерда ишламайдиган, 1996 йилда туғилган Н. Исмли қиз содир этгани маълум бўлди ва қўлга олинди. Тергов жараёнида бу “уддабурон” қиз 33-мактабнинг 5-синф ўқувчилари бўлган Сарвиноз ва Ойдиннисони пичоқ билан қўрқитиб, уларнинг қулоқларидаги зиракларини ечиб олганлиги ҳам фош этилди.