Вазирлар Маҳкамасининг "2016 йилда мева-сабзовот маҳсулотлари, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум етиштириш ҳамда улардан фойдаланишнинг прогноз параметрлари тўғрисида" 2016 йилнинг 4 январидаги 1-сон қарорига мувофиқ жорий йилда 10 млн 458 минг тонна сабзавот, 1 млн 980 минг тонна полиз экинлари, 2 млн 833 минг тонна картошка, 2 млн 874 минг тонна ҳўл мева, 1 млн 601 минг тонна узум маҳсулотлари етиштириш белгилаб олинган.

2016 йилда барча тоифа хўжаликларининг асосий, оралиқ ва такрорий майдонларига сабзавот, полиз ва картошка экинларини экиш учун жами 2875 тонна сабзавот уруғи, 613,5 тонна полиз уруғи ва 446,1 минг тонна картошка уруғлари ҳамда 12,6 млн дона мевали ва 10,3 млн. дона ток кўчатлари фермер хўжаликлари ва аҳоли хонадонларига етказиб берилган. Бу ҳақда Ўзбекистон республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги сайтида келтирилган "2016 йил 1 чорагида мева-сабзавот, полиз ва картошка маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида" ҳисоботда маълум қилинган.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги маҳсулот етиштирувчи субъектлар билан тайёрловчи корхона ва ташкилотлар ўртасида 4,0 млн. тонна мева-сабзавот, полиз, картошка ва узум маҳсулотларига шартномалар тузилган.

Республика бўйича 2016 йилда барча тоифа хўжаликларининг асосий майдонларига 204,6 минг гектар сабзавот (сабзи, помидор, пиёз, карам ва бошқа экинлар), 86,1 минг гектарга картошка ва 52,8 минг гектарига полиз экинлари экиш белгиланган. Жойлардан олинган даслабки маълумотларга кўра ҳисобот даврида 185 минг гектар майдонга сабзавот, 26,2 минг гектар майдонга полиз ва 91,2 минг гектар майдонга картошка экинлари экилган.

Деҳқон ва фермер хўжаликлари томонидан эрта баҳорда асосий майдонларга сабзавот, полиз ва картошка экинлари экиш ишлари давом этмоқда.

Республиканинг деҳқон ва фермер хўжаликларда 266,8 минг гектар боғлардан 210,7 минг гектари ҳосилли, 143,9 минг гектар токзорлардан 119,7 минг гектари ҳосилли бўлиб, уларнинг ҳосилдорлигини ошириш, сифатини яхшилаш ва ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун баҳорги муҳим агротехник тадбирлари фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан сифатли ва ўз муддатида ўтказилмоқда.

2016 йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, республика бўйича 8,1 минг гектар пакана ва ярим пакана (интенсив) мевали боғлар ҳамда 4,8 минг гектар янги токзорлар барпо этилди.

Республикадаги боғдорчилик ва узумчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларининг яроқсиз боғ ва токзорлар реконструкция қилиш ишлари бўйича 6 минг гектар мевали боғлар ва 3,5 минг гектар токзорлар реконструкция қилинди.

Бугунги кунда янги боғ-токзорлар ва интенсив боғлар барпо этиш ва экиш ишлари давом этмоқда.

2016 йил 1-чораги якунига кўра 53,1 минг тонна, яъни ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 110,6 фоизга кўп сабзавот маҳсулотлар етиштирилган.

Прогноз кўрсаткичларида белгиланган ҳажмларда маҳсулотларни етиштириш давом эттирилмоқда.