Apple компаниясининг Купертинодаги идораларининг бирида одам мурдаси топилгани маълум қилинган эди.

Шу муносабат билан компания кампусдаги анжуманлар залида жонсиз ҳолатда топилган ходимнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақида BuzzFeed хабар беради.

«Биз ёш ва истеъдодли ходимимизнинг фожиали ўлимидан қаттиқ изтиробдамиз. Унинг оила аъзолари ва дўстлари, шунингдек, Apple компаниясидаги ҳамкасбларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз. Бундай оғир вақтда биз уларни қўлдан келганича қўллаб-қувватлашга тайёрмиз», — дейилади компаниянинг расмий баёнотида.

Бундан олдинроқ, Apple офисида вафот этган йигитнинг номи маълум қилинганди. У ўз жонига суиқасд қилгани аниқланган.