Нью-Мексико штати суди Розуэлл шаҳрида яшовчи Жанетта Гарса Альварезни Facebook ижтимоий тармоғида мактабда ваҳима уйғотган хабарни чоп этгани учун бир ойлик қамоқ жазосига маҳкум қилди. Бу ҳақда Associated Press ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Ҳукумат маълумотларига кўра, Альварез ўз хабарини 29 январда жойлаштирган. Аёл хабарда унинг ўғли 8-синфнинг бир неча ўқувчиси мактабга тўппонча олиб келиб, мактабда отишма уюштирмоқчи бўлганидан хабар топганидан огоҳлантирган. Бу хабар болалар ва уларнинг ота-оналарини қаттиқ қўрқитиб юборган. Хабар чоп этилган куннинг эртасига 160 га яқин ўқувчи мактабга бормаган, мактабга хабардаги ҳолат юзасидан 100 га яқин қўнғироқ тушган.

Мактаб маъмурияти Альварезни ваҳима уйғотганликда айблади. Аёл суд томонидан жамоатчилик тартибини бузганликда айбдор деб топилди. У қамоқ жазосидан ташқари, суд жараёнини ўтказиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун 29 доллар тўлашга мажбур қилинди.

Мактаб директори Том Беррис Альварез маълумотни ижтимоий тармоқда чоп этмай, у ҳақда мактаб раҳбарияти ёки полицияни хабардор қилиши кераклигини айтди. Аёлнинг адвокати ўз навбатида суд қарори устидан аппеляция бермоқчи. У Альварез бирорта ҳам қонунни бузмаганини ва мактаб маъмуриятига мурожаат қилишга мажбур бўлмаганига ишора қилмоқда.