Италиянинг Up Design дизайн-студияси Туриндаги автосалонда иккита концепт-карини намойиш қилишини эълон қилди. Автосалон 8-12 июнь кунлари бўлиб ўтади. Компания кўргазмага Luce купеси ҳамда Tesla Model S электрокарининг қайта ишланган версияси Valentino хэтчбекини олиб келади.

Моделларнинг аниқ техник кўрсаткичлари ҳозирча номаълумлигича қолмоқда. OmniAuto маълумотларига кўра, Valentino’нинг асосий хусусияти "карбондан ишланган тажовузкор кузов обвеси" бўлади. Концептнинг оғирлиги Tesla Model S каби 2100 кг ни ташкил қилади. Прототип 421 от кучига эга электр двигатель билан жиҳозланади, бу двигатель орқа приводли "Тесла"нинг 90D версиясида қўлланган. Машинанинг юриш захираси 502 км ни, яъни серияли версиясидан 30 км кўпроқни ташкил қилади.

Luce купеси оғирлиги 1200 кг бўлиб, машина енгиллаштирилган алюминий кузов билан жиҳозланади. Бу кузов конструкциясида иккиламчи хом ашё қўлланган. Икки эшикли машина 20 дюймли ғилдирак дисклари билан жиҳозланади. Купе тўлиқ приводли бўлади ва 288 от кучига эга электр двигатель олади. Батареянинг тўлиқ қуввати 340 км га етади.

Up Design  Valentino

Up Design дизайн-студияси Туриндаги I.DE.A Institute автоательесининг собиқ ходими  Умберто Палермо томонидан яратилган. Бу студиянинг лойиҳалари орасида 2012 йилда намойиш қилинган Vittoria гибрид суперкари ҳамда Mole 01 концептуал автомобиль кузови бор. Фирма саноат дизайни билан шуғулланади, унинг мижозлари орасида маиший техника ишлаб чиқарувчи Indesit ва Ariston компаниялари бор.

Up Design Luce