Оралиқ югуриш машқлари енгил жисмоний машқларнинг самарали муқобили бўла олади. Югуриш - енгил жисмоний машқлар ўрнини боса олади. Мўътадил югуриш эса оғир жисмоний машқлар ўрнига ҳам ўтади. Канадалик олимлар ушбу хулосага келди. Тадқиқот тўғрисида тўлиқ ҳолда Discovery сайтида танишиш мумкин.

Макмастер (Онтарио) университети профессори Мартин Гибал бошчилигидаги канадалик олимларнинг аниқлашича, бир дақиқалик югуриш 50 дақиқалик мўътадил жисмоний машқларга баробар бўлиб, инсон организмини мустаҳкамлайди ва соғломлаштиради. Тадқиқотда аввал спорт билан шуғулланмаган 25 нафар йигит иштирок этишди.

Улар уч гуруҳга бўлинди. Биринчи гуруҳдаги йигитлар 12 ҳафта давомида кунига 3 маҳалдан велотренажёрда машқ қилди. Иккинчи гуруҳдаги йигитлар чидамлиликка қаратилган жисмоний машқларни бажаришди, учинчи гуруҳ йигитлари эса ҳеч қандай машғулот бажаришмаган.

Югуриш машқлари қизиб олиш (икки дақиқа), югуриш (йигирма сония), қайта тикланиш (икки дақиқа), яна югуриш (йигирма дақиқа) ва совиш (уч дақиқа)дан иборат бўлди.

Чидамлилик учун машқлар эса қизиб олиш (икки дақиқа), велосипедда тезкор юриш (45 дақиқа) ва совиш (уч дақиқа)дан таркиб топди.

12 ҳафталик жисмоний машқлар дастуридан кейин биринчи 2 гуруҳ қатнашчиларида VO2 тести (30 сониялик машқлар давомида организм қабул қиладиган кислород миқдорини ўлчаш) кўрсаткичлари 19 фоизга яхшиланди. Бундан ташқари, олимлар тажрибада иштирок этганларнинг мушак тўқималари биопсилари орқали мушаклар фаолияти яхшиланганини қайд этди.

Келгусида ушбу тадқиқот узоқ муддатли машғулотларга етарли вақти бўлмаган одамларга қисқа вақтларда катта натижаларга эришиш учун замин яратади.