Латвия давлат полицияси мамлакат пойтахти Рига шаҳрида қалбаки долларларни юқори сифатда ишлаб чиқарадиган босмахонани аниқлади. Ҳибсга олинган шахслардан 3,5 миллион доллар мусодара қилинган.

ТАСС агентлиги хабарига кўра, бу кўп йиллардан буён Латвияда мусодара этилган энг катта миқдордаги қалбаки пуллар ҳисобаланади.

Латвия Давлат полицияси иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси раиси Петерис Бауска матбуот анжуманида маҳаллий корхоналарнинг бирида қалбаки пуллар ишлаб чиқарувчи босмахона топилгани тўғрисидаги маълумотни тасдиқлади.

Босмахонада зарб этилган пулларнинг сифат даражаси шу қадар юқори бўлганки, уларни ҳақиқий пуллардан фақатгина махсус сканер ёрдамида ажратиш мумкин эди.

Латвия полицияси АҚШ ҳукумати ва Европа Иттифоқи полиция хизмати (Европол) билан ҳамкорликда ўтказган тергов-суриштирув ишлари доирасида жами 13та рейд амалга оширилди. Натижада, қалбаки банкноталар ҳамда уларни ишлаб чиқарувчи ускуналар мусодара этилди. 7 киши қўлга олинган, улардан тўрт нафари ҳибсда қолмоқда. Уларга мол-мулк мусодараси билан бирга 10 йилгача қамоқ жазоси хавф солмоқда.