Москва биржасидаги савдоларда доллар курси ўтган йил ноябрининг бошидан буён биринчи марта 64 рублдан пастга тушди. Маҳаллий вақт билан соат 14:05да 1 доллар 46 копейкага арзонлаб, 63,98 рублга тенглашгани қайд этилди. Охирги марта бундай курс 2015 йилнинг ноябри охирида кузатилган эди.

1 евро нархи эса 51 копейкага тушиб, 72,978 рублни ташкил қилмоқда.

29 апрель куни Brent нефти нархи яна кўтарила бошлади ва баррелига 47,52 долларга етди.

Нью-Йорк товар биржасидаги савдолар чоғида WTI туридаги нефтнинг июнь фючерслари 0,09 долларга кўтарилган (0,20 фоиз) ва бир баррели учун 45,42 долларни ташкил этган.

Ўтган ҳафта якунлари бўйича АҚШда нефть қазиб олиш ҳажми 0,2 фоизга, суткасига 8,938 миллион баррелгача пасайган. Бу 2014 йил октябридан бери энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Экспертлар мазкур ҳолат нефть нархи кўтарилишига туртки бериши мумкинлигини тахмин қилмоқда.