Ўзбекистон Республикаси Байналмилал маданият маркази, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда миллий маданият марказлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Республика Байналмилал маданият маркази директори Н.Муҳаммадиев, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг маънавият ва маърифат бошқармаси бошлиғи М.Комилов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Қорақалпоғистон Республикасида 50 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ўзаро аҳил-иноқ ва тотув яшаб, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ишларида фаол иштирок этмоқда.

– Мамлакатимизда барча миллатларнинг ўз тили, маданияти ва урф-одатларини ривожлантириши учун кенг имкониятлар яратилган, – дейди Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети 4-курс талабаси Анастасия Ботова. – Биз ёшлар, қайси миллат вакили бўлишимиздан қатъи назар, ўз она тилимизда билим олиб, касб эгалламоқдамиз.

Тадбир доирасида “Миллий ва диний бағрикенглик – барқарорлик омили”, “Қудратимиз – бирлик ва ҳамжиҳатликда“ мавзуларида давра суҳбати ўтказилди. “Соғлом авлод тарбиясида миллатлараро тотувликнинг ўрни” мавзусидаги илмий-амалий семинар ҳамда “Биз сенинг фарзандларингмиз, Ўзбекистон!”, “Соғлом она, соғлом бола – миллат бахти” номли кўргазма ташкил этилди. Унда турли миллатлар маданияти ва санъати намуналари, ҳунармандлик маҳсулотлари, миллий либослари намойиш этилди.

Қорақалпоғистон Республикасида фаолият олиб бораётган туркман, қозоқ, рус, украин, корейс миллий маданият марказлари қошидаги бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг мустақиллик, тинчлик, дўстлик ва меҳр-оқибатни тараннум этувчи куй-қўшиқлари янгради.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Б.Янгибоев сўзга чиқди.

А. Ортиқбоев, ЎзА мухбири

Суратлар : Мақсад Ҳабибуллаев.