Швеция ҳанузгача бетарафлик сиёсатидан воз кечмоқчи эмас. Бу ҳақда Швеция бош вазири Стефан Левен ва ташқи ишлар вазири Маргот Валльстрем маълум қилдилар. Шу тариқа улар Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Москва Швециянинг НАТОга қириши ҳолатида жавоб чоралари қабул қилиш ҳуқуқини сақлаб қолиши ҳақидаги баёнотига изоҳ бердилар. 

"Швеция анчадан бери бетараф давлат ҳисобланади. Биз бу ҳақда дунёга кўп марта айтганмиз ва Москва буни билади", деб бош вазирнинг сўзларини келтириб ўтди TT агентлиги. 

"Швециянинг хавфсизлик сиёсати Швеция томонидан белгиланади ва бошқа ҳеч ким биланмас. Ҳарбий иттифоқларга қўшилмаслик бизга яхши хизмат қилмоқда ва ўзгаришсиз қолмоқда", деб ёзди Валльстрем твиттерда.

Аввалроқ Лавров Dagens Nyheter швед газетасига берган интервьюсида Москва Швециянинг НАТОга кириши ҳолатида жавоб чоралари қабул қилиш ҳуқуқини сақлаб қолишини айтганди. 

"Агар Швеция НАТОга киришга қарор қилса, унда бизда шведлар бизга ҳужум қилиши ҳақида ўйлар пайдо бўлмайди. Мен буни дарҳол айта оламан. Бироқ швед ҳарбий инфратузилмаси бундай вазиятда НАТО бош қўмондонлигига бўйсунади ва биз шубҳасиз, бизнинг шимолий сарҳадларимизда, чегаранинг нариги томонида Россияни таҳдид деб биладиган ва уни ҳар қандай йўл билан босиб туришни истайдиган ҳарбий-сиёсий блок мавжудлигидан келиб чиқиб, зарур ҳарбий-техник чоралар кўришга мажбур бўламиз", деб айтганди Лавров. 

Лавров қандай чоралар ҳақида гап кетаётганини аниқлаштирмаган.