АҚШнинг Колорадо штати суди 36 ёшли Дайнел Лейнни бошқа бир ҳомиладор аёлнинг ҳомиласини зўравонлик билан ташқарига чиқариб олгани учун 100 йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилди, деб хабар бермоқда Associated Press ахборот агентлиги. 

Таъкидланишича, Лейн 27 ёшли жабрдийда Мишель Уилкинсни ўз уйига ҳомиладорлар учун кийим сотиш баҳонаси билан таклиф қилган. Аёллар бир соатча гаплашишгандан кейин, Лейн ҳомиладор аёлга ташланиб, унинг бошига ёруғлик лампаси билан бир неча бор туширган, сўнгра уни бўға бошлаган. Аёл ҳушини йўқотганда, жиноятчи иккита пичоқ ёрдамида унинг қорнини ёриб, ҳомиласини ташқарига чиқариб олган.

Суд ҳаками Мария Беркенкоттер Лейнни қотилликка суиқасд айблови билан 48 йиллик ва ҳомиладорликка ноқонуний чек қўйиш айблови билан 32 йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилди. Жиноятчи аёл қолган 20 йиллик қамоқ жазосини ҳужум қилганлик айблови бўйича олди.