Сербия пойтахти Белградда "Партизан" футбол клуби стадиони ёнидаги автотураргоҳда клубнинг уч фанати клубнинг бош директори Милош Вазурани қаттиқ дўппослади, деб хабар бермоқда ridus.ru нашри.

Ушбу ҳолат тасвирланган видеода Вазурани дўппослаган фанатлардан ташқари яна икки киши тасвирланган. Аниқланишича, улар Вазуранинг қўриқчиси ва ҳайдовчиси бўлганлар. Улар муштлашувга аралашмаганлар. Ушбу воқеа юзасидан тергов кетмоқда, ҳозирча зўравонлар аниқланмаган. "Партизан" фанатлари тазйиқларга учрашлари айтилмоқда.

"Мухлислар "Партизан"нинг лигадаги натижаларидан умуман норозилар ва бундай ҳолатлар шу сабабли юз бермоқда", деб изоҳ берди воқеага Драган исмли мухлис. Бир ҳафта олдин ҳам мухлислар клуб раҳбариятига футбол учрашуви вақтида тухумлар улоқтириш билан ўз норозиликларини билдиргандилар.

Сербиялик журналист Миодраг Миликич ҳуқуқ-тартибот муассасаларидаги манбаларга иқтибос келтирган ҳолда ушбу воқеа юзасидан ўнлаб тинтувлар ва сўроқ қилиш учун ҳибсга олишлар ўтказилишини маълум қилди.