2016 йилнинг 3 май куни Тошкент ахборот технологиялари университетида “2016 йилда Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид Давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар” Дастури ижросини таъминлаш мақсадида иқтидорли талабалар, магистрлар ва профессор-ўқитувчилар томонидан ишлаб чиқилган дастурий ва техник ишланмалар кўргазмаси бўлиб ўтади. 
Кўргазмани ташкил этишдан асосий мақсад: университет ва унинг ҳудудий филиалларида таълим олаётган талабаларнинг фаоллигини ошириш, илмий фаолиятга жалб этиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш ҳамда иқтидорли ёшларни рағбатлантириш, энг асосийси, юқори салоҳият ва иқтидорга эга бўлган дастурчилар мактабини шакллантиришга қаратилган.
Кўргазмада иқтидорли талабалар, магистрлар ва профессор-ўқитувчилар томонидан ишлаб чиқилган 200 дан ортиқ дастурий ва техник ишланмалар намойиш этилади. Шунингдек, 33 та ахборот тизимлари ишланмалари, 11 та веб-сайт, 55 та дастурий ишланма, 20 та аппарат ишланмалар, 44 та техник ишланма, 21 та компьютер ўйин дастурлари ва 19 та мобил иловалардан иборат ишланмалардир.
Кўргазмада 5 та номинация белгиланган бўлиб, тадбир якунида “Энг яхши лойиҳа дизайни”, “Энг яхши веб-ишланма”, “Энг яхши андроид ишланма”, “Энг яхши Windows ишланма”, “Энг яхши дастурий ва аппарат-дастурий ишланма” муаллифлари ташкилотчилар томонидан махсус сертификат ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. 
Кўргазма Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги  кўмагида ташкил этилмоқда.