АҚШ президенти лавозимига номзод Дональд Трамп Калифорниядаги тарафдорлари билан учрашувга тушиш учун девордаги тирқиш орқали ўтишига тўғри келди, деб хабар бермоқда The New York Times нашри. Миллиардер нутқ сўзлаши керак бўлган бино олдида Мексика байроғини ҳилпиратаётган Трампга қарши юзлаб дарғазаб муҳожирлар тўплангани сабабли шундай "айланма йўлдан" фойдаланишга мажбур бўлди. 

Таъкидланишича, Трамп Сан-Франциско яқинидаги Бурлингейм шаҳридаги меҳмонхона биносида чиқиши керак бўлган.

Трамп қўриқчилари унинг кортежини бинонинг орқа томонига олиб келиб, уни аввал тўсиқлар орасидаги тирқишдан, сўнгра газон орқали бино ичига олиб ўтган. "Бу усул бинога кирган усулларимдан энг осони бўлмади. Биз тўсиқ устидан ошиб, унинг атрофидан айланиб ўтдик. Умуман менда гўёки чегарани кесиб ўтаётгандек ҳис бўлди", деб айтди Трамп ўз тарафдорларига митингда.

Аввалроқ Трамп ўз нутқларидан бирида мексикалик муҳожирларни зўравонлар ва жиноятчилар деб атаганди. Унинг фикрича, АҚШга энг ёмон мексикаликлар келади. Трамп бундай миграцияни тўхтатишга ваъда берган.

Бунинг учун Трамп агар президент бўлса, Мексика билан чегарада "буюк деворни" қурдиришини айтган. Миллиардернинг айтишича, бу девор қурилиши 8 млрд долларга айланади. Унинг баландлиги 10-12 метрни, узунлиги 1600 км га яқинни ташкил қилади. Бизнесмен деворда одамлар АҚШга кира оладиган "катта чиройли эшиклар" бўлишини айтган.