Яманда Адан губернатори навбатдаги суиқасддан омон қолди

Жаҳон 01 Май 2016 5594

Яман жанубида Адан шаҳри губернаторига навбатдаги суиқасд уюштирилди. Бу ҳақда Sky News Arabia телеканали маълумотига таяниб, РИА «Новости» хабар тарқатди.

Суиқасддан омон қолган губернатор Идрис аз-Зубейдийнинг ўзи айтиб беришича, у ўтирган автомобил кетаётган кортежга портловчи қурилма ўрнатилган автомобиль келиб урилган. Натижада губернаторнинг 3 нафар қўриқчиси ҳалок бўлган.

Кортеждаги автомобилларнинг бирида губернатор ва Адан полицияси бошлиғи Шалал Али Шайх ҳам бор эди.

Губернатор бу суиқасд учун жавобгарликни "Арабистон яриморолидаги Ал-Қоида" гуруҳи зиммасига юклаган. Бу гуруҳ бундан аввал ҳам яманлик бир қатор амалдорларнинг ҳаётига тажовуз қилганди.

Адан шаҳри 2015 йилнинг июлида собиқ президент Али Абдулла Салоҳнинг тарафдорлари ҳамда исёнчи ҳусийлар қўлидан қайтариб олинганди. Айни вақтда бу шаҳар Яманнинг вақтинчалик пойтахти ҳисобланади. Мамлакат ғарбида жойлашган асосий пойтахт Сано эса исёнчилар қўлида қолмоқда.

Яманда қарийб 2 йилдан буён бир томонда собиқ президент тарафдорлари, ҳусийлар, шиаларнинг "Ансор Аллоҳ" ҳаракати турган, иккинчи томонда қонуний президент Абд Раббонинг тарафдорлари ҳамда уни ҳимоя қилиб келаётган Араб коалицияси турган зиддият давом этмоқда.

Кўпроқ янгиликлар