Бирлашган Араб Амирликларида мусулмон имомлари бировнинг симсиз интернетга киришидан унинг рухсатисиз фойдаланишни шариатга хилоф деб эълон қилдилар. The National газетасининг маълум қилишича, имомлар дин томондан бундай ҳаракатларни хусусий муллка нисбатан жиноятларга тенглаштиришди.  

"Маънавий ва ахлоқий жиҳатдан бунга йўл қўйиб бўлмайди. Бировнинг WiFi’га кириш нуқтасини эгасини хабардор қилмасдан ишлатиш мумкин эмас, чунки бу интернетнинг иши самарадорлигини туширади ва молиявий йўқотишларга олиб келиши мумкин", деб айтилди журналистларга БААнинг ислом ишлари бўйича хизматида.

Газетанинг ёзишича, бунда кириш нуқтаси пароль билан ҳимояланган ёки очиқ бўлиши аҳамиятсиз, чунки интернетни рухсатсиз ишлатиш ўғрилик ҳисобланади. "Қонун бўйича ҳимояланмаган WiFi нуқтасига уланиш учун ҳеч қандай жазо йўқ. Ўз навбатида ёпиқ интернет-аккаунтни бузганлик исботланган бўлса, 270 доллар миқдорида жарима кўзда тутилган", деб айтди ахборот хавфсизлиги бўйича мутахассис Ёзон ал-Равашдий.

БААда бундай ўғриликлар айниқса кам таъминланган аҳоли орасида кенг тарқалган. Улар шу тариқа интернетга бепул улана оладилар. "WiFi туфайли бизнинг квартира олдидаги йўлак турар-жой мажмуаси фаррошлари орасида "зиёратгоҳга" айланган. Улар бизнинг эшикларимиз тагида полларни жуда узоқ ювишади. Аниқланишича, тармоқ бузилган бўлиб, хизмат кўрсатувчи ходимлар бизнинг симсиз интернетга кириш нуқтамизга мунтазам равишда уланишар экан", деб айтди журналистларга Абу-Дабида яшовчи аёл.  

Имомларнинг маълумотларига кўра, "бундай жиноятлар ҳаттоки халқаро даражада ҳам амалга оширилмоқда, чунки моҳир фирибгарлар бошқа давлатлардан ҳам интернетни ўғрилай олмоқдалар. "Бу жиддий муаммодир. Айнан шунинг учун диндорларнинг кўплаб мурожаатларига жавобан бу вазиятга тегишли диний баҳони бердик", деб айтилди Ислом ишлари бўйича хизматда.