Ўта оғир вазнда Бутунжаҳон боксчилик уюшмаси (WBA) ва Бутунжаҳон боксчилик ташкилоти (WBO) талқини бўйича жаҳон чемпиони Тайсон Фьюри украиналик Владимир Кличко билан реванш жанг ўтказгандан кейин фаолиятини якунлайди. Бу ҳақда британиялик боксчининг ўзи iFL TV эфирида маълум қилди.

2015 йил ноябрда Германияда бўлиб ўтган 12 раундлик жангда Фьюри Кличкони очколар бўйича ютганди ҳамда IBF, WBO ва WBA талқини бўйича чемпионлик унвонини қўлга киритганди. Кейинроқ британиялик боксчи унвонини мажбурий ҳимоя қилишдан бош тортгани учун IBF унвонидан маҳрум этилганди.

"Мен бунинг барчасидан чарчадим. Менда бошқа бокс билан шуғулланиш истаги қолмади. Мен кейинги жангимдан сўнг бошқа жанг қилмайман. Бир қаранг, менинг ака-укаларим ва отам қандай тўла. Мен кейинги жангимдан кейин худди улардек бўламан", деб айтди Фьюри. 

Кличко ва Фьюри ўртасидаги реванш жанг 9 июлда Манчестерда бўлиб ўтади.