Ҳиндистон Буюк Британиядан “Кўҳинур” олмосини қайтариш ниятидан қайтмайди

Жаҳон 01 Май 2016 29305

Ҳиндистон Буюк Британиядан “Кўҳинур” олмосини қайтариш ниятидан қайтмайди. Бу ҳақда 22 апрель куни бўлиб ўтган брифингда ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Викас Сваруп маълум қилди. Унинг сўзларига қараганда, “Ҳиндистон мамлакат тарихининг қадим асосларидан бири бўлмиш қимматбахо артефактни қайтариш масаласида дўстона саъй-харакатларни амалга оширади”. Эслатиб ўтиш керакки, яқинда Ҳиндистон бош прокурорининг ўринбосари Ранжит Кумар Олий суд жараёнида қилган чиқишида “Кўхинур” Буюк Британия томонидан ўғирланмагани, куч билан олиб кетилмагани боис Ҳиндистон унга давогарлик қилишга ҳаққи йўқлигини айтган эди. Бироқ орадан кўп ўтмай Маданият вазирлиги баёнот бериб, нима бўлганда ҳам Ҳиндистон хукумати олмосни мамлакатга қайтариш мақсадида барча чораларни кўришини маълум қилди.

Тарихчиларнинг фикрича, ноёб тош маҳарожа Ранжит Сингх тарафидан Британиянинг Ост-Индия компаниясига туҳфа этилган, компания эса, ўз навбатида, уни қиролича Викторияга тортиқ қилган. Шу тариқа, олмос талон-тарож қилинган буюм эмас, балки британияликларга берилган совғадир.

Кўҳинур - ўзбекчага таржима қилинганида, “тоғ нури” деган маънони англатади. Унинг тарихи 1300 йилларга бориб тақалади. Бу олмос ҳақида турли-туман афсоналар юради.

Узоқ йиллар давомида “Кўҳинур” Малва давлати рожаларининг бош кийимларини безаб келди. Афсоналарга кўра, қачонлардир олмос рожалар тюрбанидан тушиб қолгудек бўлса, у холда барча малва халқи қуллика тушиб қолади. Шундоқ ҳам бўлди. 1305 йилда Малва Деҳли султони Оловуддин томонидан забт этилади. Ғолибга бошқа қимматбахо тошлар қаторида “Кўҳинур” ҳам ўтади. Бироқ кўп ўтмай олмос яна Малва давлатига қайтарилади. Унинг соҳиби Гвалиора рожаси Бикерамит (Викрамадитья) бўлади.

Йиллар ўтиши билан олмос ҳақида бошқа афсоналар ҳам пайдо бўлади. Ривоятларга кўра, олмос 5 минг йил аввал Ҳиндистон жанубидан топилган бўлиб, у “Махабҳарат” достонидаги афсонавий қаҳрамон Карнага тегишли бўлган.

1526 йилда Ҳиндистон буюк бобомиз Заҳриддин Муҳаммад Бобур томонидан забт этилади. Панипат жангида ҳинд рожаси Бикерамит ҳалок бўлади. Унинг рафиқаси оиласига тегишли бўлган бойликларни Бобурнинг ўғли Хумоюнга топширади. Ўлжалар орасида “Кўҳинур” ҳам бор эди. Ҳумоюн барча ўлжани, жумладан “Кўҳинур”ни хам отасига топширади. Бироқ Бобур уларни ҳаммасини ўғлига қайтаради. Ана ўшандан бошлаб Бобурийлар сулоласининг хукмдорлари “Кўҳинур”ни тожларидан асло туширмаган. Одамлар олмос Буюк Бобурийлар сулоласининг тожида турар экан, бу сулола асло завол кўрмаслигига ишонишган.

“Бобурнома”да ёзилишича, олмос 1294 йили Малва рожасига тегишли бўлган. Бобур мазкур олмоснинг қиммати “Тамоми оламнинг икки ярим кунлик сарфига баробар” эканини айтади. Бобур ва Ҳумоюн Кўҳинурни “Бобурийлар олмоси” деб атайдилар. Ҳумоюннинг ўғли буюк саркарда Акбар умри давомида олмосга бирон марта ҳам қўл теккизмаган. Кейинчалик афсонавий тош Шоҳжаҳон ихтиёрига ўтади. Унинг ўғли Аврангзеб тошни Лоҳурдаги Бадшоши масжидига жойлаштиради. Олмос у ерда 1739 йилгача сақланади. Хукмдор Нодиршох Ҳиндистон худудларини қўлга киритгач, барча бойликларни ўз тассаруфига олишга интилади. Аммо “Қўхинур”ни топа олмайди. Минглаб одамлар олмосни қидиршга жалб этилади. Шунда сарой ходимларидан бири олмос Муҳаммад исмли амалдорнинг бош кийимига яширилганини айтади. Базмлардан бирида Нодиршох Муҳаммадга мурожаат қилиб, дўстлик ришталари мустахкамланиши йўлида саллаларини алмаштиришни таклиф қилади. Бу таклифни инкор қилишнинг имкони бўлмайди. Бош кийим орасида олмосни кўрган Нодиршох “тоғ нури” деб бақириб юборади. Шу-шу олмос “Кўҳинур” номини олади. Ўз даврида Нодиршоҳ Кўҳинурни “Агар бир одам бешта тош олиб бирини шарққа, бирини ғарбга, бирини шимолга, бирини жанубга ва бешинчисини осмонга отиб, тошлар етган манзил оралиғини олтин, марваридлар билан тўлдирса, Кўҳинур қимматига тенг бойлик бўлади”, деган эди. Олмос билан ватанига қайтган Нодиршох уни хеч кимга ишонмайди. 1747 йилда Нодиршох ўлдирилгач олмос унинг кичик ўғли шаҳзода Рох қўлига ўтади. Бироқ, у хокимиятни қўлда ушлаб тура олмайди. Шу тариқа “Кўҳинур”га Аҳмад Абдали (Дурр-и-Дауран) эгалик қилиб, уни Афғонистонга олиб келади. У 1773 йилда вафот этади. Сулола теппасига ўғли Темур келади ва пойтахтни Қобулга кўчиради. Темурнинг вафотидан кейин эса фарзандлари орасида сарой тўнтаришлари одатий холга айланади. Бир-бирига тиш қайраган ўғиллари хокимият учун курашар экан олмосни яширишга уринадилар. Замон Мирза олмосни қамоқхона деворига яширади. Бироқ қамохона нозири буни билиб қолади ва олмосни Шужа-уль-Мулькка беради. Хокимият акаси Маҳмуд қўлига ўтгач олмос яна беркитилади. Зиндондан қочишга муваффақ бўлган Шужа-уль-Мульк “Қўҳинур”ни олиб оиласи билан Лахорга келади. Бу ерда “Панжоб йўлбарси” номини олган Ранжит Сингхнинг паноҳида бўлади. Рожа олмос ҳақида хабар топгач нима бўлса-да “Кўҳинур”ни қўлга киритишга интилади. Бироқ Шужа-уль-Мулькка эмас, балки унинг хотини Вафо Бегумга босим ўтказади. Аёл қийноқларга чидай олмайди ва асирларни озод қилиш, хавфсизлик таъминланиши ва нафақа тайинланиши эвазига олмосни рожага беради. Ранжит Сингх бу талабларга рози бўлади ва олмосни қўлга киритади. У Шужа-уль-Мулкка 125 минг рупий беради ва ҳар йили 60 минг рупий миқдорида умрбод нафақа тайинлайди.

“Кўҳинур”га эга бўлгач рожа Ранжит Сингх Панжобни бирлаштиради. У Ҳиндистонни Буюк Британия хукмронлигидан озод қилишни истайди ва бу иш қўлидан келмасликни билиб, “Кўҳинур”дан воз кечишга уринади. Олмосни Ориссадаги Жагганатха ибодатхонасига совға қилишга аҳд қилади. Бироқ бу ишни амалга ошира олмай вафот этади. Меросхўрлари рожанинг ниятидан бехабар эди. Шу тариқа мамлакатда бошбошдоқлик бошланади. 1849 йилда олмос инглиз хукмдорларининг қўлига тушади. Олмос аввалига Ҳиндистон генерал-губернатори сэр Жон Лоуренс томонидан қўлга киритилади. Аммо у қимматбахо тошга унчалик эътибор бермайди. Шу сабабли “Кўҳинур”нинг йўқолиб кетишига бир баҳя қолади. 1850 йилнинг 6 апрел куни “Кўҳинур” Ҳиндистон худудларидан олиб чиқилади ва Буюк Британияга 2 июл куни олиб келинади. Қимматбахо юкни қабул қилиб олган Ост-Инд компанияси Директорлар Кенгаши Раиси вазифасини бажариб турган Ж. В. Логг бошқа қимматбахо буюмлар қатори “Кўҳинур”ни ҳам қиролича Викторияга топширади. Қиролича ўз кундаликларида шундай ёзади: “Қимматбаҳо тош ажойиб. У Ранжит Сингхга тегишли бўлиб, Лахорда топилган. Эндиликда бу тош Буюк Британия тожига тааллуқли эканлигидан бахтлиман. Мен олмослар тожимизнинг бир қисмига айланиши борасида қайғураман”.

1854 йилда қиролича Ранжит Сингхнинг 15 ёшли ягона ўғли ва меросхўри Далип Сингхни Буюк Британияга таклиф қилади ва хукуматнинг эътирозларига қарамай унга бир йилда 15 минг рупий миқдорида пенсия тайинлайди. Хокимиятга 11 ёшида келган Далип Сингх инглиз мактабида таҳсил олади ва қиролича Виктория билан учрашганида олмосни ўз ҳоҳиши билан қироличага совға қилади. “Хоним, содиқ қулингиз сифатида “Кўҳинур”ни сизга бериш имкониятига эга бўлганимдан ғоят мамнунман” дейди Букингем саройини қиролича билан сайр қилиб юрар экан, “Кўҳинур” олмоси қўйилган жойга келгач.

1851 йилда олмос Лондонда бўлиб ўтган Катта кўргазмада намойиш қилинади. 1852 йилга қадар олмос аввалги кўринишида бўлди. Инглиз заргарлари олмосни ўзгартиришга қарор қилишди. Шу тариқа олмос 191 каратдан 108,9 каратга тушиб қолди. 1853 йилда “Кўҳинур” бошқа, 200 та кичик хажмдаги олмослар қаторида қироллик тожига ўрнатилди. 1911 йилда эса олмос Қиролича Марияга атаб ясалган тожга кўчирилди. 1937 йилда эса яна бир бор - Елизавета иккинчига тахтга чиқиши муносабати билан ясалган тожга ўрнатилди. Айни дамда “Кўҳинур” қиролича Елизавета иккинчининг тожлари қаторида Тауэр музейида сақланади. 2002 йилда она қироличанинг дафн маросимда олмос билан безатилган тож Лондон кўчаларидан олиб ўтилган тобутда эди.

2015 йилнинг охирида “Инсон ҳуқуқлари ва ижтимоий адолат Умумҳиндистон жабҳаси” фаоллари қимматбаҳо тошни Ҳиндистонга қайтаришни талаб қилиб, Олий судга мурожаат этган эди. Уларнинг фикрича олмос қонунга зид равишда Буюк Британияга олиб кетилган экан. Худди шу каби талабни покистонлик адвокат Жавад Иқбол Жафрий ҳам илгари сурди. Бироқ унинг аризаси Лахор суди томонидан қабул қилинмади.

Шуни эслатиб ўтамиз, Буюк Британия расмийлари қимматбаҳо тош Ҳиндистонга қайтарилиши мумкинлигини қатъиян рад этиб келади. Масалан, 2010 йилда бош вазир Дэвид Кэмерон, агар бир марта рози бўлсангиз, тез орада Британия музейи бўшаб қолганини кўрасиз”, — деган эди.

Шарофиддин Тўлаганов

Кун янгиликлари
Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси медиа-ҳафта муҳокамасида
13:54 / 23.01.2017 8383 Ўзбекистон
Мирзиёев: «Ўзстандарт» раҳбарлари пора олиб имзо чекаверган
09:16 / 23.01.2017 89193 Ўзбекистон
Ливияда бир қатор ёзувчиларнинг китоблари мусодара қилинди
00:47 390 Жаҳон
Миср элчиси: "Медиаҳафталик Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг келажакдаги режаларидан хабардор бўлиш учун янги имкониятдир"
Трамп АҚШнинг Транс-Тинч океан ҳамкорлиги келишувидан чиқиши ҳақидаги фармонни имзолади
00:11 1440 Жаҳон
Италияда қор кўчкиси остида қолган меҳмонхонада ҳалок бўлганлар сони 7 нафарга етди
23:52 / 23.01.2017 512 Жаҳон
Трамп АҚШда бизнесни тартибга солишни 75 фоизга камайтиради
23:46 / 23.01.2017 1115 Жаҳон
Эрон вакили: "Ҳаракатлар стратегияси хорижий мамлакатлар билан халқаро муносабатларда стандартларнинг яхшиланишига хизмат қилади"
23:44 / 23.01.2017 466 Ўзбекистон
Венгрия: Европа Трамп сайлангандан умидсизлик ҳис қилмоқда
23:26 / 23.01.2017 1532 Жаҳон
ЮНЕСКО вакили: "Ҳаракатлар стратегиясининг оммавий дебатлар учун очиқлиги - муҳим жиҳат"
23:03 / 23.01.2017 564 Ўзбекистон
Кўпроқ янгиликлар