Япония ва Филиппин мудофаа вазирликлари, расмий Манилага 5 дона Beechcraft TC-90 ўқув-жанговар самолётини арзон нархда ижарага бериш бўйича битимга келишди. Улар ҳаво кузатувини амалга ошириш имконини берувчи РЛС билан жиҳозланиши мумкин. Икки мамлакат мудофаа вазирлари Гэн Накатани ва Вольтер Гасмин телефон орқали мулоқоти чоғида ушбу битимни тасдиқлашган.

Умуман олганда, Япония расман ҳарбий техникаларни бошқа давлатларга беғараз бера олмайди. Шу боисдан ҳам, самолётларни энг арзон нархда ижарага бериш шартномаси тузилади, деб хабар қилмоқда Kyodo News агентлиги. Шу билан расмий Токио илк маротаба ҳарбий техникани бошқа давлат ихтиёрига беради. 

Kyodo News’нинг хабар қилишича, Япония ҳукуматининг бундай сиёсатини Хитойга босим ўтказиш нияти билан изоҳлаш мумкин. Чунки мазкур самолётлар ҳудудий тортишувлар давом этаётган Жанубий Хитой денгизи осмонида патруллик қилиш имконини беради. 

Бундан аввал, Япония мудофаа вазири Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси (АСЕАН)га аъзо давлатларга Жанубий Хитой денгизида ҳаво ҳамда денгиз патруллигини йўлга қўйиш таклифини илгари сурганди. У, шунингдек, АСЕАНнинг айрим давлатлари, хусусан, Филиппин патруллик қилиш учун самолётлар, кемалар ва бошқа ускуналарга муҳтожлигини билдириб, бунинг учун Япония ёрдам беришга тайёрлигини изҳор қилган эди.