2 майдан бошлаб Буюк Британияда янги қонунга кўра барча турдаги сигаретлар бир хил кўринишдаги қутиларда сотилади. Бироқ тамаки ишлаб чиқарувчи компаниялар бу қонунга амал қилишга шошилмаяптилар. Улар Лондон Олий судига ушбу қонун юзасидан шикоят аризаси топширдилар. Уларнинг айтишича, бу талаб ҳам Британия, ҳам Европа қонунчилигига зид келади. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2008 йилда тамаки чекишга қарши конвенциясининг 11-моддасида нейтрал сигарет қутисининг татбиқ қилиниши "чекишга қарши тиббий чораларни самаралироқ қилиши мумкинлиги" айтилган. Кўримсиз қути истеъмолчиларнинг эътиборини камроқ тортади. Бундай қутиниинг жорий қилиниши тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг дизайн ёрдамида истеъмочиларни баъзи маҳсулотлар бошқаларидан хавфсизроқ эканлигига ишонишга мажбур қилувчи ҳийласининг чиппакка чиқишига олиб келади. Бу чора ҳақиқатда таъсирчандир, деб ҳисобламоқда Россия соғлиқни сақлаш вазирлигидаги тамакига қарши кураш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзоси Дарья Халтурина.   

"Бир рангга, эҳтимол кўримсиз рангга бўялган, қандайдир кўзга ташланувчи услублардан холи бўлган стандартлаштирилган қути деб номланувчи қутилар Австралияда жорий қилинган ва биз унинг натижасини баҳолай олишимиз мумкин. Энг қизиғи, Австралияда бу чора қўллангандан кейин биринчи навбатда қимматбаҳо сигаретлар савдоси пасайган, чунки истеъмолчилар турли сигаретларни бир-биридан ажрата олмаганлар. Умуман олганда, тамакига реклама ман қилинган вақтда унинг қутиси уни олға суришнинг йўлларидан бири ҳисобланади, шунинг учун бундай қутиларни Россияда ҳам татбиқ қилиш керак", деб айтди мутахассис.

Австралия статистикасига кўра, бундай чора ҳақиқатан ҳам натижа берган. Philip Morris International маълумотларига кўра, бутун дунёда 2012 йилдан 2013 йилгача сигаретлар савдоси 0,3 фоизга кўпайган бир пайтда, яшил қитъада 2010 йилдан 2013 йилгача чекувчилар сони 15,1 фоиздан 12,8 фоизга камайган. Бироқ бу чорага қарши чиқувчиларнинг таъкидлашича, Австралияда чекувчилар сони шундоқ ҳам 1991 йилдан бери барқарор равишда камайиб келмоқда.

"Баъзи чекувчилар учун бренд номи ёзилган ёрқин ва чиройли сигарет қутиси ўз имижини яратиш, ўз тенгқурлари орасига кириш элементи сифатида аҳамиятга эга. Бундай ҳаракат, сигаретларни намойишкорона чекиш ўсмирларга хосдир. Анча тажрибали чекувчилар учун эса сигарет қутиларининг ташқи кўриниши уларни истеъмол қилишда ҳеч қандай аҳамият касб этмайди", деб айтмоқда Россия гуруҳли ва оилавий психология ва психотерапия мураббийи Марк Сандомирский.   

Шуни таъкидлаш жоизки, ЖССТ бош қароргоҳи жойлашган Швейцарияда Бельгиядаги каби бундай ташаббус рад этилмоқда. Нима учун? Эҳтимол, бунинг сабаби ушбу давлатлар Европанинг энг чекувчи давлатларидан ҳисобланишидадир. Бу давлатларда аҳолининг учдан бир қисмидан кўпи чекади.

Австралия билан бир қаторда бу ташаббусни биринчилардан бўлиб Африканинг Буркина Фасо давлати ҳам қўллаб-қувватлади. Бу давлатда бундай қонун 2011 йилдаёқ қабул қилинган, бироқ унинг амалий татбиғи ортга суриб келинади. Францияда эса бу қонун 2015 йилда қабул қилинган, у 2017 йил январдан кучга киради.

Шунингдек, Канада ва Норвегияда ҳам бетараф қутининг татбиқ қилиниши таклиф қилинмоқда. Бундан ташқари, бу ташаббус ЖАР, Чили, Финляндия, Венгрия, Янги Зеландия, Панама, Швеция ва Туркияда ҳам муҳокама қилинмоқда.