ХХР ҳукумати мамлакат ишлаб чиқариш корхоналарини даромад солиғи тўлаш мажбуриятидан озод этди. "Ди и цайцзин жибао" газетасининг ёзишича, 1 майдан бошлаб, Хитой компаниялари даромад солиғи ўрнига қўшимча қиймат солиғини тўлашлари лозим бўлади.

Мамлакат солиқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида, ҚҚС тизимига ўтиш жараёни халқ хўжалигининг қурилиш, кўчмас мулк, хизмат кўрсатиш ва молия соҳаларидаги 10 миллионга яқин солиқ тўловчини қамраб олади. Қонун муаллифларининг фикрича, янгилик кўплаб ташкилотларнинг солиқ юкини камайтириш имконини беради.

Корхоналар солиқдан тежалган маблағларини ўз самарадорлигини оширишга сарфлаши билан ушбу ислоҳотлар мевасини амалда намойиш этишлари керак. ХХР давлат кенгаши бош вазири Ли Кэцяннинг сўзларига кўра, мазкур янгиликлар сабабли 2016 йили давлат ғазнасига тушадиган маблағлар ҳажми 500 млрд юандан (77 млрд долларга яқин) кўпроққа камаяди. Ҳукумат раҳбарияти давлат бюджети камомадини ўтган йилги 2,3 фоиздан 3 фоизгача кўпайтиришга қарор қилган.