Ватан - онадай муқаддас маъво

Lifestyle 02 Май 2016 4102

Ким ўз юртини севмаса, у ҳеч нимани сева олмайди.

(Жорж БАЙРОН, инглиз шоири)

Анчадан бери Ватан ҳақида ёзишга уринаман. Бироқ, ҳеч нарса чиқмаётганга ўхшайди. Қораламаларим қоралама ҳолида қолиб кетаверади. Ўйласам, Ватан ҳақида ёзиш жуда қийин экан. Негаки, Ватан бизга Аллоҳ томонидан берилган энг буюк неъмат бўлиб, у ҳақда ҳар қанча ёзсанг ҳам яна қайсидир жиҳатлари қолиб кетаётгандай, гўё мисралар ожиз, рангсиз, ғарибдай туюлавераркан. Ватан ҳақида айтмоқчи бўлганларинг эса, беҳисоб. Шунчалар кўпки, ҳисобдан адашиб кетасан киши...

Халқимиз одатда Ватан сўзига Она сўзини қўшиб талаффуз қилади: Она ватан. Бу Ватаннинг онадай азиз, меҳрибон, жонкуярлигига ишора бўлса керак-да. Ахир инсон учун онадан азизроқ киши борми? Жисму жон ато қилиб, яна бошимизда тунларни бедор ўтказган зотдан, а? Ўзига бори заҳматларни олиб, роҳатни фарзандига илинганини таърифлашга ҳар қанча "меҳрибон" деган сўз камлик қилмайдими? Ўзга жон учун, унинг бахти, камоли, эртанги куни деб керак бўлса, ўз жонидан ҳам кечадиган яна ким бор оламда?! Аслида эса, мана шу туйғу, тасаввур, ришта, шунча меҳрнинг ҳаммаси Ватаннинг бир парчаси, бир бўлаги холос.

Туманимиз қишлоқларидан бирида яшовчи бир йигит билан гаплашиб қолдим-у Она билан Ватаннинг яна бир умумий жиҳатини кашф этдим ўзимга. Бу – уларнинг ҳар иккисига хос бўлган кечиримлилик фазилати эди.

Йигит яқиндагина жазони ижро этиш жойидан қайтган экан. Конституцион тузумга қарши чиқишдек оғир жиноятни содир этганига қарамай, кечирилибди.

– Мустақилликнинг илк йиллари эди, – деб сўз бошлади у. –Ҳали онги тўлиқ шаклланиб улгурмаган ўспирин боламан. Маҳалламиздаги бир оиланинг диндор, намозхонлигига жуда ҳавас қилардим. Кейин мен ҳам шуларга ўхшашни истаб қолдим. Устоз ҳам тез орада топилди. Мен диний таълим олишни, хат-савод чиқаришни бошладим. Бироқ, йиллар ўтиб тушундимки, исломий таълим, деб берилаётган ўша билимлар мени диндан узоқлаштириш, онгимни заҳарлаб манқуртга айлантириш, мендан ўз Ватанимга қарши қурол ясашга қаратилган экан.

Ҳа, йигит ҳақ эди. Мустақиллик туфайли юртимизда динга бўлган муносабат ўзгариб, пок Исломий қадриятлар тикланди. Одамларимиз эмин-эркин намоз ўқиб, рўза тутадиган, истаса, Ҳаж зиёратига бемалол борадиган бўлишди.

У яна бир нарсани тўғри англаб етибди: Ватанимиз озод бўлиб, ўз тақдирини ўзи белгилайдиган кунларга етишгани, энди порлоқ келажак яқинлигини кўра олмайдиган кучлар ҳали тажрибасиз, ғўр ёшлар, билимсиз кишиларни йўлдан уриш ҳаракатига тушиб қолгандилар.

Ўша пайтларда эшитганим, бир воқеа ҳеч ёдимдан чиқмайди.

Бир одам фарзандини ўша йигит айтгандай "устоз"га топширади: эти сизга, суяги бизга. Бола пастқамгина, нимқоронғи ҳужрада соқоли кўкрагига тушган йигитдан "таълим-тарбия" олишга киришиб кетади. Орадан ойлар ўтади. Бир куни ҳалиги одам фарзандига уйда қилиниши керак бўлган ишларни буюради. Шунда бола, "йўқ, мен сиз айтган ишларни қилмайман", – дейди тўсатдан. Ҳайрон қолган ота бунинг сабабини сўрайди.

–Ота бўлиб, менга нимани танитдингиз? Сиз оталикка нолойиқсиз. Шунинг учун айтганларингизни қилмайман, – деб жавоб беради бола.

Отанинг ҳолини тасаввур қиляпсизми? У ана шу алфозда "устоз"нинг олдига етиб боради.

–Мен ҳам мўмин-мусулмон одамнинг фарзандиман. Ислом дини ота-онани қандай мақомда кўришидан хабарим бор. Бизга "ота рози – худо рози", деб ўргатишган. Сиз фарзандимнинг онгини заҳарлабсиз. Отага қўл кўтаришга қодир бўлган манқуртга айлантирибсиз. Бугундан бошлаб, унинг сиздай устози йўқ, – дейди-да боласини олиб, қайтиб кетади.

Хўш, ўзларини "устози комил" қилиб кўрсатган бу кимсалар кимлар эди? Улар қандай мақсадда ёшларни йўлдан уришган? Миллийлигимиз, маънавиятимиздан нега узоқлаштирмоқчи бўлганлар?

Ҳали айтганимиздек, дунёда Истиқлолимиз ва истиқболимизни кўра олмайдиган кучлар бор. Ўзбекистон деган давлат гуллаб-яшнаса, ҳеч кимга муҳтожлик сезмай, мустақиллик йўлидан борса, минтақадан манфаат кўришни истайдиган ўша кучлар нима қилиб бўлмасин, унинг йўлини тўсишга интилишади. Турли оқим ва ғояларни ўйлаб топишади, ёшлар онгини зарарлаб, ҳудудда бўшлиқ ҳосил қилмоқчи бўлишади. Муҳтарам Президентимизнинг "Юксак маънавият – енгилмас куч" асарида бу ҳақда шундай дейилади: "...инсониятнинг кўп минг йиллик тажрибаси шундан далолат берадики, дунёдаги зўравон ва тажовузкор кучлар қайси бир халқ ёки мамлакатни ўзига тобе қилиб, бўйсундирмоқчи, унинг бойликларини эгалламоқчи бўлса, авваламбор, уни қуролсизлантиришга, яъни энг буюк бойлиги бўлмиш миллий қадриятлари, тарихи ва маънавиятидан жудо қилишга уринади".

–Кейин билсам, мен "Ҳизб ут-таҳрир" оқимининг таъсирига тушиб қолган эканман, – дея сўзида давом этди ҳалиги йигит. –Уларнинг мақсадлари юртимизда халифалик қуришдан иборат эди. Тўғрисини айтганда, ўша пайтларда халифалик нима эканини ҳам билмасдим.

"Ҳизб ут-таҳрир" ўзининг инсонийликдан умуман узоқ бўлган хатти-ҳаракат ва ғояларини Қуръон оятлари ва ҳадисларни нотўғри талқин қилиш орқали исботлашга уринаётган диний-сиёсий оқим бўлиб, унинг даъволари Ислом уламолари тарафидан аллақачон нотўғри деб топилган.

–Оқимнинг асосий мақсади халифалик давлатини қуришдан иборат бўлиб, "ҳозирги кунда мусулмонларнинг зиммаларидаги долзарб вазифа халифа сайлашлик, токи, улар бу ишни адо этмас эканлар, уларнинг бошқа ибодатлари бефойдадир", деган ғояни илгари суришади, – дейди туманимиздаги "Оқтепа" жоме масжиди имом-хатиби Санжарбек Маманазаров. –Ўзларининг бу даъволарига Расулуллоҳ (с.а.в)нинг: "Кимки имомсиз (яъни халифасиз) яшаб ўтса, у жоҳилият замонида вафот этгандек вафот этибди", деган ҳадисларини далил қилиб келтирадилар. Фаразан уларнинг бу даъволари ҳақ бўлса, ер юзидаги бир ярим миллиард мусулмонларнинг ўқиётган намозлари, тутаётган рўзалари ҳамда бошқа ибодатлари бефойда экан-да! Бундай "буюк кашфиёт"лар қилаётган кимсаларнинг кўпчилиги Қуръони каримни ўқиш тугул, хат ҳам танимайдиган саводсиз кишилар аслида. Уларга бизнинг раддиямиз Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг: "Мендан кейин халифалик 30 йил давом этади...", деган сўзларидир. Ҳазрати Али (р.а)нинг халифалик даври тугаши билан комил халифалик тугаган. Ҳанафий мазҳабининг етук уламоларидан бири бўлган Шайх Аҳмад ал Жувонфурий (р.а) "Тафсийротул Аҳмадия" номли китобида "Комил халифалик шартлари топилмаганлиги сабабли замонамизда халифалик йўқдир. Чунки, шартларнинг энг кичиги ҳам қурайшга мансуб бўлишдир", деганлар.

Афсуски, ўша йигит ва унга ўхшаган ғўр ёшлар бунинг фарқига бормасдилар. Оқ-қорани ажратиш учун уларнинг билимлари ҳам етарли эмасди. Бу эса, душманни ичимиздан чиқаришни истаган ғаразли кишиларга айни қўл келган.

–Бир куни ўйланиб қолдим, – давом этди йигит. –Узоқ ўйландим: мен қаёққа қараб кетяпман ўзи? Ҳар куни дунёнинг ҳали у, ҳали бу мамлакатида хунрезликлар уюштираётган, минглаб бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкаётган, Аллоҳ акбар, дея автобус тўла норасидаларни, масжиддаги намозхонларни портлатиб юбораётган, бу билан пок динимиз номига доғ тушираётган худобехабар жаллодларнинг этагини тутдимми? Энди менинг, фарзандларимнинг келажаги нима бўлади? Бир дунё умидлар билан катта қилган ота-онамнинг ор-номуси қаерда қолади? Маҳалла-кўй, қариндош-уруғлар юзига қандай қарайман? Менинг тинч-осойишта яшашим, одамлардек умр кечиришим учун ҳамма шароитларни яратиб берган Ватанимга раҳматим шуми?.. Ўша куни қатъий қарорга келдим: Йўқ, мен улар билан бирга эмасман. Нима қилишса, қилишсин. Лекин, бу йўлдан қайтаман. Биласизми, мени бунга ҳеч ким мажбур қилгани йўқ. Ўзим, ўша нотавон ақлим билан топдим бу ҳақиқатни. Юртимиз билан айрим қўшни мамлакатларни солиштириб кўриб чиқардим бу хулосани. Ҳа, мен адашдим, лекин ўнгланишга ҳали кеч эмас, деб ўйладим. Ва шундан кейингина руҳим ором топди. Мен сингари Ватанда Ватандан айро юрган адашган дарбадарлар ҳам бу ҳақиқатни тезроқ англаб етишларини жуда-жуда истайман. Уйга қайтган куним маҳалладошлар киришди. Оқсоқоллар "давлатимиз, халқимиз сени кечирди, сенга ишонди. Кўпнинг ишончини оқла энди, ўғлим", дейишди. Маҳалла фаоллари тиббий кўрикка юборишди. Ҳеч қандай харажатсиз кўрикдан ўтдим. Мутасаддилар келиб, ишга жойлашишга ёрдам беришларини айтишди. Моддий ёрдам тайинлашди. Бугун жуда хурсандман, қилмишимдан уятдаман. Мен сўқир банда ўз онамга тош отибман-а! Бундан унга азият етишини ўйламабман ҳам...

Ҳа, Ватан ҳам худди Она каби ўз фарзандининг хатоларидан изтироб чекади. Юраги зардобга тўлади. Лекин, кечиради. Муҳими, фарзанд ўз хатоларини англаб етсин. Тўғриланиш йўлини тутсин. Билим олсин, юртга наф келтирсин. Киндик қони томган шу замин билан ўзини яхлит деб билсин.

Ватанга муҳаббат сўзда эмас, амалда исбот қилинади, дейдилар. Демак, ҳар биримиз уни севиш баробарида кўз қорачиғидек асрашимиз, эъзозлашимиз, турли зарарли ғоя ва нағмалар олдида ҳамиша ҳушёр туришимиз, бир-биримизни ҳам шунга даъват этишимиз лозим. Шундагина Ватандан ризолик топамиз. Мана шу ризоликнинг ўзида не-не ҳикмат мужассам. Зеро, Ватан – онадай муқаддас маъво.

Фахриддин ПАРПИЕВ, журналист.

Кун янгиликлари
Фарғона вилояти ҳокими Сўх тумани, уй-жой муаммоси, табиий газ ва аҳолининг бошқа муаммолари ҳақида (видео)
20:30 / 21.08.2017 31975 Жамият
Artel Technical School «Келажак мактаби» ўқув нархларини пасайтирмоқда!
20:02 / 21.08.2017 17805 Жамият
Халқ таълими вазири билан очиқ суҳбат: янги вазирлик, 10-синф, пахта терими, коррупция ва йиғди-йиғдилар
23:29 / 20.08.2017 69123 Жамият
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 58355 Жамият
Тошкент ва Душанбе ўртасидаги парвозлар жадвали ўзгарди
Комилов Ҳиндистон вице-президенти билан музокарада. Икки давлат ўртасида товар айирбошлаш ҳажми оширилади
Журналист ЎФФ матбуот хизматини ёлғончиликда айблади
12:20 4341 Спорт
Тошкентдаги Mobicon 2017’да Google, Яндекс, Одноклассники ва UFOX вакиллари чиқиш қилади
Электр энергиясининг намунали истеъмолчилари рағбатлантирилади
Трамп АҚШ ҳукуматини ёпиш билан таҳдид қилди
10:50 9966 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар