Шимолий Атлантика шартномаси ташкилоти (НАТО) бош котиби Йенс Столтенбергнинг баёнот беришича, альянс мамлакатлари Россия билан зиддиятга ёхуд янги қуролланиш пойгасига киришишни хоҳламайди, аммо ядро қуролидан воз кечиш ниятида ҳам эмас. 

"Биз қуролланиш пойгасини хоҳламаймиз", — деган Столтенберг Welt немис нашрига берган интервьюсида. Унинг қайд этишича, НАТО мамлакатлари Россия билан сиёсий мулоқотни давом эттириш учун "қатъиятли, идрокли ва кучли" бўлишлари лозим.

НАТО бош котиби, альянс Россияга нисбатан ядро стратегиясини кўриб чиқиши хусусида берилган саволга жавоб берар экан, НАТО "ядро қуролидан фойдаланиш эҳтимолидан ҳар қачонгидан ҳам узоқроқ"лигини таъкидлади. Шунга қарамай, "ҳозирча ядро қуроли мавжуд экан, НАТО ҳам шундай қуролга эга бўлиб қолаверади", деб қайд этган Столтенберг.

Шу йилнинг бошида НАТО аъзолари мудофаа вазирлари Шарқий Европада ҳарбий салоҳиятни кучайтириш таклифини маъқуллашган эди. Бу борадаги якуний қарор, ташкилотнинг июль ойида бўлиб ўтажак Варшава саммитида қабул қилиниши кутилмоқда. 

"Болтиқбўйи ва Польшада амалга ошираётган сиёсатимиз, ҳарбий кучларимизни шунчаки кўпайтиришдан иборат эмас", — деб айтган Столтенберг, Россиянинг "НАТО аъзоларидан бирига ҳужум қилиш нияти борлигини кўрмаётгани"ни таъкидлаган.

Бош котиб, шунингдек, Варшава саммитидан аввал, Россия — НАТО учрашуви бўлиши мумкинлигини инкор этмади. Маълумки, 20 апрель куни Брюсселда ҳарбий уюшма ташаббуси билан Россия-НАТО Кенгаши мажлиси ўтказилганди.