Бразилияда Олимпия машъаласи эстафетасининг биринчи иштирокчиларидан бири суриялик қочқинлар оиласининг 12 ёшли фарзанди Хонон Холид Дакка бўлади. Бу ҳақда 1 майда Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтадиган Олимпиада ташкилотчилари маълум қилдилар.

"Қиз ва унинг оиласи Суриянинг шимолидаги Идлибда, фуқаролик уруши гирдобида қолган ҳудудлардан бирида яшаганлар. Улар бир қанча муддатга Иорданиядаги қочқинлар қароргоҳига кўчиб ўтганлар, у ердан эса Бразилияга келганлар ва Сан-Паулуда жойлашганлар. Айни вақтда қизнинг онаси фарзанд кутмоқда ва Хонон ўзининг укаси ёки синглисининг туғилишини орзиқиб кутмоқда", деб айтилди "Рио-2016" ташкилий қўмитаси хабарида.

Олимпия ўйинлари ташкилотчилари Бразилияда Олимпия машъаласи эстафетасини очишга Бразилия аёллар волейбол жамоаси сафида икки марта Олимпия ўйинлари ғолиби бўлган Фабиане Клаудинони муносиб деб топдилар. "Бу жуда шарафли ва ҳаяжонли онлар. Мен бу тарихий воқеада иштирок этишдан фахрланаман", деб айтди таниқли спортчи, Пекин (2008) ва Лондон (2012) Олимпиадалари олтин медаллари соҳибаси.

Олимпия машъаласи эстафетаси 3 майда мамлакат пойтахти Бразилиада старт олади. Маҳаллий ҳукуматнинг фикрича, бу тадбирга 400 минг сайёҳ ташриф буюриши кутилмоқда. Машъала шаҳарга самолётда олиб келинади, аэропортдан эса у Бразилия президенти ишчи қароргоҳи – Планалту саройига олиб борилади. Машъалани Бразилия бўйлаб олиб ўтиш имкониятига 12 минг киши эга бўлади, улар 17 минг номзод ичидан танлаб олиндилар. Улар орасида таниқли спортчилар, Бразилия шоу-бизнеси вакиллари, талабалар ва ўз ҳаёти билан илҳомлонтирувчи одамлар бўлади.  

XXXI ёзги Олимпия ўйинлари 5-21 август кунлари Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтади. Бу Олимпия ўйинлари Жанубий Америкада ўтадиган илк Олимпия ўйинлари бўлади. Паралимпиада бир неча ҳафта ўтиб, яъни 7-18 сентябрь кунлари шу ернинг ўзида бўлиб ўтади.