Футбол бўйича Испания чемпионатининг 36-турида «Вильярреал»га қарши ўйнаган «Валенсия» футболчилари Оналар куни муносабати билан «БМТ-Аёллар» ташкилоти ҳамкорлигида акция ўтказишди.

Футболчилар майдонга ўз оналари фамилиялари туширилган футболкаларда тушиб келишган.

Аs нашри эълон қилган суратларда Денис Черишев «Черишева»,  Пако Алькасер — «Гарсия», Альваро Негредо — «Санчес», Даниэль Парехо — «Муньоз» ёзувли футболкада экани кўринади.

Бу орқали «Валенсия» «аёлларнинг футбол ҳамда жамиятдаги муҳим ролини тан олган ва ҳар куни бутун дунё бўйлаб миллионлаб аёлларнинг келтирадиган қурбонликлари ва жонкуярликлари эътироф этилган».

Қайд этилишича, Испанияда Оналар куни май ойининг биринчи якшанбасида нишонланади.