Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Саудия Арабистони подшоҳлигига расмий ташрифи доирасида мамлакат пойтахти Ар-Риёдда подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ал Сауд билан музокаралар ўтказди. Олий даражадаги мулоқот чоғида, сиёсат, хавфсизлик, савдо-иқтисодиёт ва маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама этилган. 

Икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик борасида энергетика, нефть ва газ кимё саноати, тўқимачилик, транспорт, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, молия ва сармоя соҳаларидаги томонларни қизиқтирган масалалар кенг таркибда муҳокама этилган. 

Шундан сўнг, Туркманистон ва Саудия Арабистони подшоҳининг яккама-якка тартибдаги суҳбати бўлиб ўтган. Унда, минтақавий ва халқаро сиёсатга оид долзарб муаммолар хусусида фикр алмашилган. Музокаралар якунида, давлат раҳбарлари иштирокида икки томонлама келишув ва шартномаларни тантанали имзолаш маросими бўлиб ўтган.