"Лестер" футбол клуби 2015/16 йиллардаги мавсум натижаларига кўра Англия чемпионати тарихида биринчи марта чемпион бўлди. "Лестер" бунга чемпионат якунланишига 2 тур қолганда муддатдан аввал муваффақ бўлди.

Бу Лондоннинг "Тоттенҳэм" клуби 2 май кунги учрашувда меҳмонда "Челси"ни юта олмагандан кейин юз берди. "Стэмфорд Бриж"да ўтган учрашув 2:2 ҳисоби билан якунланди.

Учрашувда ҳисобни 35-дақиқада Ҳарри Кейн голи эвазига меҳмонлар очди. Танаффусга бир дақиқа қолганда "Тоттенҳэм" Соннинг аниқ зарбаси эвазига ҳисобни 2 та тўп фарқига келтирди. Танаффусдан кейин мезбонлар ҳисобни тенглаштира олишди: аввал Гари Кэхилл 58-дақиқада ҳисобни қисқартирди, ўйин тугашига 10 дақиқа қолганда эса Эден Азар ўз ҳисобига гол ёзиб, ўйиндаги якуний ҳисобни ўрнатди.

Шу тариқа, "Лестер" чемпионат тугашига 2 тур қолганда ўзига АПЛда чемпионликни таъминлаб қўйди. Клуб ҳисобида 77 очко жамғарилди. 2-ўринда бораётган "Тоттенҳэм" эса 70 очко билан қолди ва у пешқадамга етиб олиш учун барча имкониятлардан маҳрум бўлди.

Клаудио Раньери шогирдлари ўтган мавсумда 14-ўринни эгаллаган эди. Бунгача клубнинг АПЛдаги энг юқори натижаси 1928/29 йиллардаги мавсумда 2-ўринни эгаллагани бўлган.

"Лестер" Англия чемпионатини ютган 24-клуб бўлди.

Англия чемпионатида шу кунгача чемпионлик унвонини энг кўп "Манчестер Юнайтед" қўлга киритган, жамоа АПЛда 20 марта чемпион бўлган. Бу борада 2-ўринни 18 та чемпионлик унвони билан "Ливерпуль", 3-ўринни 13 та чемпионлик унвони билан "Арсенал" эгалламоқда.

"Лестер" мавсум якунлангандан кейин 93 млн фунт стерлинг олади. Улардан 57 млни учрашувларга теленамойишларни сотиш ҳуқуқидан, 14 миллиони 16 та учрашувни намойиш қилганлик учун Sky ва BT Sport телекомпанияларидан ва 25 млни чемпионлик учун бонус сифатида олинади.

"Лестер"нинг жазоирлик яримҳимоячи Риёз Маҳрез Англия профессионал футболчилари уюшмаси (PFA) талқини бўйича АПЛнинг мавсумдаги энг яхши ўйинчиси унвонини олади. У бундай юқори натижага эришган биринчи африкалик футболчи бўлади. Мавсум натижалари бўйича мусобақанинг рамзий терма жамоасига Маҳрездан ташқари, "Лестер"нинг яна 3 нафар ўйинчиси: ҳужумчи Жейми Варди, яримҳимоячи Н'Голо Канте ва ҳимоячи Уэс Морган киритилди. Шунингдек, ушбу жамоадан "Тоттенҳэм"нинг 4 футболчиси (Кейн, Деле Алли, Тоби Алдервейрелд ва Дэнни Роуз), "Манчестер Юнайтед" дарвозабони Давид де Хеа, "Арсенал" ҳимоячиси Эктор Бельерин ва "Вест Хэм" яримҳимоячиси Дмитрий Пайе ҳам ўрин олди.

Кўплаб букмекерлик идоралари "Лестер"нинг жорий мавсумдаги ғалабаси учун 5000 га 1 нисбатда ставкалар қабул қилишган. Британиянинг William Hill компанияси маълумотларига кўра, у "Лестер" чемпион бўлишига пул тикканларга 2 млн фунт стерлинг тўлашига тўғри келади. Апрелда Ҳолливуд актёри Том Хэнкс клубнинг ғалабасига 100 фунт стерлинг тикканини айтиб берганди. Таққослаш учун, масалан, Греция терма жамоасининг Европа чемпионатида ютишига ставкалар 100 га 1 ни ташкил қилганди. Яъни бу дегани "Лестер"нинг чемпион бўлишига ишонч унчалик ҳам катта бўлмаган.  

Ушбу чемпионлик унвони "Лестер" бош мураббийи Клаудио Раньери учун фаолиятидаги биринчи чемпионлик унвони бўлди. Бунгача 64 ёшли италиялик мутахассис Испания ("Валенсия", "Атлетико"), Италия ("Парма", "Ювентус", "Рома", "Интер", Фиорентина", "Наполи", "Кальяри"), Франция ("Монако"), Англия ("Челси") чемпионатларида фаолият юритган, бироқ ҳали бирор марта шу давлатлар миллий чемпионатларида ғолиб бўлмаганди.