Германия Европа Иттифоқи мамлакатларини Ягона Европа армиясини ташкил этиш бўйича амалий чораларни кўришга чақириш ниятида, деб ёзмоқда Британиянинг Financial Times нашри.

Газетанинг маълумотларига кўра, Германия раҳбарияти ушбу масала юзасидан расмий таклифни июль ойидаёқ билдиради. Унда қуролли кучлар ҳаракатларини мувофиқлаштириш мақсадида Европа Бош штаби, ЕИ мудофаа вазирлари кенгашини ташкил этиш ҳамда ҳарбий техникаларни ҳамкорликда ишлаб чиқиш ва улардан биргаликда фойдаланишга оид режалари акс этади. 

Бундан ташқари расмий Берлин киберхавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кучайтириш таклифини ҳам илгари суради. 

Европанинг аксар мамлакатлари қуролли кучларининг бирлашувига салбий ёндошиб, уни НАТОнинг бир кўриниши сифатида баҳолашади. Бироқ Германия ЕИни ўз ташаббусининг аҳамиятли эканига ишонтира олса, бу ташкилотнинг ҳарбий салоҳиятини кучайтиришда муҳим қадам бўлади, деб хулоса қилади FT.

Сўнгги вақтларда Европа минтақасида мудофаа харажатлари ошгани хусусида аввал хабар қилинган эди.