Starbucks қаҳвахоналари мижозлари АҚШ судига компания устидан жамоавий арзнома топширишди. Улар бу арзномада компанияни истеъмолчиларни алдашда айблашди. Арзчиларнинг фикрича, Starbucks’нинг яхна ичимликларида эълон қилинган суюқлик ҳажмининг фақатгина ярми бўлиб, қолган қисми муз билан тўлдирилган. Бу ҳақда 2 майда CBC News телеканали маълум қилди. 

Бош арзчи Стэйси Пинкуснинг фикрича, venti ҳажмидаги (0,7 литр) музли қаҳва сотиб олинганда мижоз фақатгина 0,4 фоиз ичимлик олади. 

Бундан ташқари, компаниянинг яхна ичимликлари камроқ суюқликка эга бўлганига қарамасдан, иссиқ ичимликларидан қиммат туради. Арзчиларнинг фикрича, "Starbucks мижозларини уларга ичимлик ҳажмини эмас, балки стакан ўлчамини сотиб алдамоқда". 

Пинкус арзномага охирги 10 йил давомида Starbucks яхна ичимликларини харид қилиб юрган иложи борича кўпроқ арзчиларни жалб қилмоқчи. Аёл тармоқни сотувчи кафолатини бузганлик, чалғитиш ва  асоссиз бойишда айбламоқда. Арзчилар талаб қилаётган моддий талаблар ҳақида ҳеч нарса маълум қилинмаган.

Starbucks матбуот котиби Жэйми Райли тармоқ арзни асоссиз деб ҳисоблашини айтди. "Бизнинг мижозлар муз исталган яхна ичимликнинг муҳим қисми ҳисобланишини биладилар. Агар мижоз ичимлик қандай тайёрланганидан норози бўлса, биз уни бажонидил ўзгартириб берамиз", деб айтди Райли.

Starbucks дунёдаги энг йирик қаҳвахоналар компанияси бўлиб, 2016 йил март ойи ҳолатига кўра, тармоққа бутун дунё бўйлаб 23 мингдан кўпроқ қаҳвахона кирган. Компания, шунингдек қаҳва донларини қовуриш ва сотиш билан ҳам шуғулланади.