Америка президенти Барак Обама The Washington Post газетасида эълон қилган мақоласида Транстинч океани аҳамияти хусусида фикр юритди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ янада тараққий этиши учун янги бозорларга муҳтождир, Осиё-Тинч океани минтақаси эса айни шундай истиқболли бозорлардан бири ҳисобланади. Хитой ҳам айни шу жиҳатдан минтақада устунликка эга бўлиш ниятида. 

Обаманинг қайд этишича, расмий Пекин атрофида ташкил этилаётган минтақавий ҳамкорлик АҚШ фуқаролари учун салбий жиҳатларга эга. Хусусан, давлат корхоналари билан виждонан рақобат қилинмайди, интернет эркинлиги таъминланмайди ҳамда америкалик санъат намоёндаларининг муаллифлик хуқуқларига риоя этилмайди. Бундан ташқари, Хитой савдо келишувлари Америка ишчилари ва атроф-муҳит учун юқори меъёрларни таъминламайди. 

Ўз навбатида, Обаманинг таъкидлашича, Вашингтон томонидан ташкил этилаётган ва жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 40 фоизини ишлаб чиқарувчи 12 давлатни ўз ичига олган савдо-саноат келишувида бу каби салбий жиҳатлар бўлмайди. Мабодо Осиё-Тинч океани ҳамкорлигини ташкил этишда муаммоларга дуч келинган тақдирда, минтақа мамлакатлари АҚШ иштирокисиз ҳам ўз интеграцияларини давом эттириши мумкин бўлади. 

Обаманинг айтишича, у савдо келишувлари атрофидаги салбий қарашларни тўғри тушунади, аммо «глобал иқтисодиётдан ўзини ажратиб қўйиш учун сунъий деворлар барпо этиш  мамлакатни улкан имкониятлардан маҳрум этади».

«Бунинг ўрнига Америка қоидаларни ишлаб чиқиб, қарорлар қабул қилиши даркор. Бошқа мамлакатлар эса, Америка ва ҳамкорларимиз ўрнатадиган қоидаларга амал қилишлари лозим. Аксинча бўлиши мумкин эмас», — деган президент Обама.

2016 йил февраль ойи бошларида 12 мамлакат савдо вазирлари Янги Зеландиянинг Окленд шаҳрида Транстинч океани ҳамкорлигини ташкил этиш тўғрисидаги келишувни имзолашган эди. Айни вақтда, келишувни барча мамлакатлар парламентлари ратификация қилиши кутилмоқда.