Туркия ички ишлар вазири Эфкан Ала Бурса терактларини мамлакатда тақиқланган Курдистон Ишчилар партияси (КИП) аъзоси худкуш аёл амалга оширганини маълум қилди. Бу ҳақда РИА Новости хабар қилди

Портлаш ўтган чоршанба куни (27 апрель) Бурса шаҳри маркази Улуғ Жомий масжиди тарихий ҳудудида содир бўлган эди. Портловчи мосламани худкуш-террорчи аёл ҳаракатга келтирган. Теракт оқибатида ундан бошқа ҳеч ким ҳалок бўлмади. 13 киши жароҳатланган, уларнинг аҳволи оғир эмас.

Бурса теракти учун масъулиятни “Курдистонни озод қилиш лочинлари” курд радикал ташкилоти ўз зиммасига олди. Ташкилот портловчи қурилма худкуш белгиланган манзилга етгунга қадар портлаб кетганини билдирди. 

“Бурсадаги террорчилик ҳужумини Идир провинциясидан чиққан, КИП аъзоси 1992 йили туғилган Эсер Чарли амалга оширган”, - маълум қилди Ала 2 май куни журналистларга.