Қўшма Штатлар компаниялари суюлтирилган табиий газ (СТГ) маҳсулотларини  Европа, Осиё ва Жанубий Америка мамлакатларидаги харидорларига етказиб бера бошлади. Американинг энергетика вазири Эрнест Монис Япониянинг Nikkei газетасига берган интервьюсида шу ҳақда маълум қилган. У "катта еттилик" энергетика вазирларининг 1-2 майда Японияда бўлиб ўтган учрашувида қатнашган. 

Унинг айтишича, юқорида қайд этилган минтақалар мамлакатларига камида 6 та танкер СТГ билан сузишни бошлаган. 

Мониснинг маълум қилишича, у дунёнинг энг йирик СТГ харидори Японияга (йилига 80 млн. тонна СТГ истеъмол қилади) маҳсулот етказиб беришга умумий рухсат берган. Албатта, ҳозирча АҚШ Япониянинг йиллик эҳтиёжини қондира олмайди, бироқ босқичма-босқич лойиҳа қувватига эришиш мақсадида 2017-18 йилларда Луизиана штатида яна 3та йирик газ терминали иш бошлайди.

"АҚШ жаҳон СТГ бозорининг муҳим аъзосига айланади", - деб қайд этган энергетика вазири. 

У, шунингдек, расмий Токионинг СТГ бозор нархини белгилайдиган биржа ташкил этиш режасини қўллаб-қувватлашини билдирган.