Яқин вақт ичида Американинг Европадаги ҳарбий контингентини ошириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақида Foreign Policy нашрига АҚШ ҳарбий кучларининг Штаб раҳбарлари бирлашган қўмитаси раиси Жозеф Данфорд маълум қилди. 

Унинг сўзларига кўра, гап қўшимча жанговар бўлинмалар, шунингдек "космик тизимлар, киберқурол, узоқ масофали бомбардимонлар, мудофаа ракетаси" ва иттифоқдошлар хавфсизлигини кучайтириш имконини берувчи бошқа чора-тадбирлар ҳақида бормоқда.

Жорий йилнинг февраль ойида Reuters агентлиги Пентагоннинг 2017 молиявий йилдаги ҳарбий харажатларига Россия, Хитой ва ИШИД жангчилари таҳдидини ҳисобга олиб, деярли 600 миллиард доллар ажратишини сўраганини маълум қилганди.

Оқ уй ҳарбий бошқарманинг 523,9 миллиард долларлик қийматга эга таянч бюджетини яратишни режалаштирмоқда. Бу кўрсаткич 2016 молиявий йилига қараганда 2,5 миллиард долларга ортиқ.

Агентлик берган хабарга кўра, "Европада Россия босими"га қарши йўналтирилган молиялаштириш ҳажми тўрт карра ошади, АҚШнинг Европадаги ҳарбий иштирокини кенгайтиришга қаратилган харажатлар 800 миллиондан 3,4 миллиард долларгача кўтарилади, хориждаги махсус ҳарбий операцияларни ўтказиш харажатлари эса 58,8 миллиард долларни ташкил этади.