Apple’нинг Филадельфиядаги дўконида оч жигарранг либосдаги соқолли киши қўлга олинди. Ўзини Исо Масиҳ деб таништирган киши электрон почтасини текшириш учун дўконга кирганини маълум қилган, деб ёзади The Guardian газетаси.

Унинг дўконга кираверишда катта хочни қолдиргани мижозларнинг киришига халақит қилган. Дўкон қўриқчилари ва ходимлари ундан тезроқ кетишни илтимос қилишларига қарамай, у шошилмаган. Шундан сўнг, дўкон хизматчилари полицияни чақиришга мажбур бўлишган. Воқеа жойига етиб келган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари "Исо"ни ҳисбга олишган. 

Майкл Грант маҳаллий омма орасида анчагина машҳур бўлиб, узун либосларда шаҳар бўйлаб сайр қилишни хуш кўради. 2014 йилда ҳам у шаҳарда сирпанғичда пайдо бўлган ва одамлар эътиборини тортадиган тарзда кийингани сабаб, маълум бир ҳақ эвазига суратга тушишни таклиф этган.