Англия футбол ассоциацияси «Челси» ва «Тоттенҳэм»га айблов эълон қилди

Спорт 04 Май 2016 5707

Англия футбол ассоциацияси (FA) АПЛ доирасидаги «Челси» ва «Тоттенҳэм» жамоалари учрашувидаги тартибсизликлар учун жамоаларнинг иккаласига ҳам айблов эълон қилди.

The Telegraph нашри берган хабарга кўра, «шпорлар» шундоқ ҳам жамоанинг бир йўла тўққиз футболчиси огоҳлантириш олгани учун ҳам автоматик тарзда жазога тортилади.

Англия футбол ассоциацияси ўйиннинг 45 ва 87-дақиқаларидаги вазиятга эътибор қаратган. Бу вақтда футболчилар даҳанаки жангга киришганди. Шунингдек, ўйин тугагани ҳақидаги ҳакам ҳуштаги янграгач, оммавий тартибсизлик келиб чиқди, бу вазиятда мезбонлар футболчиси Сеск Фабрегас рақибларидан бир нечтасига зарба берган, меҳмонлар вакили Мусса Дембеле эса Диего Костанинг юзига чанг солган. Талатўп вақтида «Тоттенҳэм» ҳимоячиси «Челси» бош мураббийи Гуус Ҳиддинкни ерга қулатган.

Мусса Дембелега алоҳида айблов эълон қилинган, унинг Костага нисбатан спортга хос бўлмаган хатти-ҳаракати (у рақибнинг кўзига қўлини тиқиб олмоқчи бўлган) учун узоқ муддатга дисквалификация қилиниши мумкин.

Ўйин ҳаками Марк Клаттенбург ва унинг ёрдамчилари ўйин якунланганидан кейинги вазиятдан четда қолишган, лекин камераларга муҳрланган видеоёзувлар FA йиғилишида кўриб чиқилган.

FA тартибларига кўра, футболчиларнинг ўйин вақтида спортчига хос бўлмаган ҳаракатлар амалга ошириши камида 3та ўйинга дисквалификация қилишга асос бўлади.

Ҳакам томонидан протоколга киритилмаган вазиятлар ассоциациянинг собиқ 3 нафар юқори малакали ҳаками томонидан кўриб чиқиб баҳоланади. Уларнинг ҳар бири вазиятларга ўз ёндашувларини баён этишади. Уларнинг фикри бир жойдан чиқса, айбдорлар жазоланади.

Дембеледа ўзига қўйилган айбловга муносабат билдириш учун 5 май куни кечгача вақт бор. Жамоалар эса айбловга ўз жавобларини 9 май куни кечгача маълум қилишлари мумкин.

«Тоттенҳэм» футболчилари «Челси»га қарши ўйин охиридаги тартибсизлик вақтида Ҳиддинкни газонга қулатишди

«Челси» ва «Тоттенҳэм» учрашуви вақтида футболчилар ўзларини ёмон тутгани учун икки жамоа ҳам жазоланиши мумкин

Дембеле Костанинг кўзига қўлини тиқиб олмоқчи бўлгани учун узоқ муддатга дисквалификация қилиниши мумкин

Кўпроқ янгиликлар