Брюссель ва Бельгиянинг француз тилида сўзлашувчи қисми – Валлонида турма назоратчиларнинг ишлаш ташлаши тўққиз кундан буён давом этмоқда. Бу ҳақда RTBF телерадиокомпаниясига таяниб РИА Новости хабар берди. 

Қамоқхона ходимлари нафақат маошларнинг оширилиши, балки, биринчи ўринда қироллик ҳудудидаги турмаларда маҳбусларнинг ўта зич жойлаштирилиши муаммосини ҳал этишни талаб қилишмоқда. 

Экспертларнинг фикрига кўра, ушбу муаммо маҳбуслар ўртасида тажовузкорлик руҳини кучайтириб юборади. Баъзан бу ҳолатни турма назоратчилари ҳам тартибга сола олмайди. 

Бельгия қамоқхоналарида сўнгги йилларда турмадан қочиш, маҳбуслар ўртасида жиддий жанжаллар, назоратчиларга ҳужум қилиш, шунингдек, ҳибсдагилар ўртасида наркотик моддалар истеъмол қилиш ҳолатлари кўпайиб кетмоқда. 

Турмаларда зичликни бартараф этиш учун бельгиялик раҳбарлар томонидан қўшни Нидерландия ҳудудида қамоқхоналарни ижарага олиш тажрибаси киритилди.