Францияда президентлик учун бўлиб ўтадиган сайлов куни эълон қилинди. Биринчи тур овоз бериш 2017 йилнинг 23 апрелида, иккинчиси - 7 майда бўлиб ўтади. Навбатдаги парламент сайловлари эса 2017 йилнинг 11-18 июнь кунлари давомида ўтказилиши белгиланган. Бу ҳақда 4 май куни ҳукумат вакили Стефан Ле Фоль маълум қилган.

Унинг вазирлар кенгашидаги ҳисобот вақтида қўшимча қилишича, Сенат учун сайловлар 2017 йилнинг 24 сентябрь кунида ўтказилади.

Айни вақтда бир қатор сиёсатчилар сайловда иштирок этиш истагини расмий равишда эълон қилган бўлиб, улар орасида Миллий фронт партияси етакчиси Марин Ле Пен ҳам бор. Сўровлар якунига кўра, унинг сайловнинг иккинчи турига чиқиш имконияти катта.

Ўнг марказчиларнинг “Республикачилар” партиясидан номзодлик учун Бордо мэри Ален Жюппе ва собиқ президент Николя Саркози кураш олиб оради. Уларнинг қай бири партиядан номзоди кўрсатилиши борасида ноябрда праймериз бўлиб ўтади.

Ҳукмрон Социалистлар партиясининг ички сайлови декабрда бўлиб ўтиши кутилмоқда. Президент Франсуа Олланд ҳозирча расмий равишда ўз номзодини келгуси сайловда қўйишни маълум қилмаган. Шунга қарамай, кузатувчиларнинг таъкидлашича, ҳозирданоқ овозларни йиғиш кампанияси бошлаб юборилган. Жумладан, 3 майда Олланд Францияда Халқ фронтига 80 йил тўлиши муносабати билан чиқиш қилиб, солиқларни камайтириш ва йил сўнггига қадар иқтисодий кўрсаткичларни яхшилашга ваъда берган.

Аммо амалдаги президентга айни вақтдаги имижини яхшилаши учун жиддий ишлашига тўғри келади. Чунки, март бошидан апрелга қадар ўтказилган тадқиқотлар натижасига кўра, Олланднинг фаолиятини ёқловчилар 14 фоиз, унинг фаолиятидан норози французлар эса 85 фоизни ташкил этиши кузатилган.