Француз шифокори юрак нуқсони билан туғилган 15 нафар ўзбекистонлик болани тиббий кўрикдан ўтказди

Жамият 04 Май 2016 3068

Профессор кардиожарроҳ Оливье Барон бошчилигидаги франциялик шифокорлар гуруҳи ўтган ҳафта Тошкент шаҳрига ташриф буюрди. Ушбу ташриф «Sen Yolg'iz Emassan» фонди томонидан юрак нуқсони билан туғилган болаларни тиббий кўрикдан ўтказиш мақсадида ташкил этилди.

Туғма юрак нуқсонлари билан хасталанган 15 кишидан иборат бўлган болалар рўйхати кам таъминланган оилалар томонидан Фонднинг тиббий-ижтимоий департаментига йўллаган мурожаатлари асосида тузилган эди.

Француз шифокорлари ва уларнинг ўзбекистонлик ҳамкасблари томонидан Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик марказида тиббий кўрик ва консультациялар амалга оширилиб, улар натижаси асосида туғма юрак нуқсонининг оғир формаси билан оғриган иккита бола танлаб олинди. Ушбу икки боланинг соғлиғи жарроҳлик аралашувини талаб этиб, мазкур операцияларни республикамиз клиникалари шароитида бажаришнинг иложи бўлмаганлиги сабабли, бу болажонлар Фонд томонидан Франциянинг Нант шаҳридаги клиникага юбориладиган бўлди. 

Ушбу сафар чоғида, Республика жарроҳлик марказининг шифокор-кардиожарроҳи ва тиббий ҳамширасининг болалар ёнида бўлиб, уларга ҳамроҳлик қилишлари кўзда тутилган. Қолган 13 нафар болага жарроҳлик амалиётини жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойларида амалга ошириш режалаштирилган.

Кўпроқ янгиликлар