Анқара томонидан муҳожирлар оқимини ушлаб туриш бўйича келишувнинг барча шартларини бажаришига Европа Иттифоқининг жавоб чораси – Туркия фуқаролари учун виза тартибининг бекор қилиниши ЕИда Европа давлатлари ҳудудида бўлишнинг муддатларини бузган сайёҳларни аниқловчи компьютер тизимининг йўқлиги боис бекор қилиниши мумкин. Бу ҳақда The Telegraph нашри хабар бермоқда.

Туркия ҳукумати вакиллари 3 майда Европа Иттифоқи томонидан визасиз тартибнинг тақдим қилиниши бўйича барча 72 та шартни бажаришганини маълум қилишган. Европа давлатлари ҳукуматлари Туркиянинг 75 млн фуқароси учун визасиз тартиб тақдим қилиши керак. Шунингдек, ЕИнинг миграция сиёсатини юмшатиш бўйича лойиҳаси доирасида Украина, Косова, Грузиядан 52 млн одам визасиз тартибга эга бўлади.

Бироқ Шенген ҳудудининг 26 та давлати ўртасида ЕИга келган ва уни тарк этаётганларни қайд қилишни назорат қилувчи марказлашган электрон тизим йўқ. Баъзи давлатларда бундай миллий маълумотлар базаси бор, бироқ улар сайёҳлик визаси бўйича Европада бўлиш муддати бузилган ҳолатда бефойда бўлади, чунки сайёҳлар виза бўйича Европа бўйлаб чекловларсиз ҳаракат қилиши ва Европа Иттифоқини бошқа давлат орқали тарк этиши мумкин.

Шу сабабли Германия ва Франция ҳукумати Туркия билан келишувга агар туркиялик сайёҳлар визасиз тартибни суиистеъмол қилиб, уйларига қайтмайдиган бўлсалар, визасиз тартиб тўхтатилиши мумкин бўладиган тузатма киритишни талаб қилмоқда.

Аввалроқ Туркия вазирлар маҳкамаси Европа Иттифоқига аъзо давлатлар билан визали тартибни бекор қилиш қарорини чиқарганди.